Logo

Ироқ ОАВ: Ўзбекистон ва Финляндия экология, атроф-муҳитни барқарор бошқариш ва иқлим ўзгариши соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда

Октябрь 25, 2025. 17:11 • 2 дақ

24
Ироқ ОАВ: Ўзбекистон ва Финляндия экология, атроф-муҳитни барқарор бошқариш ва иқлим ўзгариши соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда

БАҒДОД, 25 октябрь. /"Дунё" АА/. Ироқнинг оммабоп "Agnaden" электрон нашрида "Ўзбекистон ва Финляндия ўртасида экология ҳамда барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 Таъкидланишича, Ўзбекистон ва Финляндия экология, атроф-муҳитни барқарор бошқариш ва иқлим ўзгариши соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш учун салмоқли салоҳиятга эга. Икки мамлакат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари халқаро ташкилотлар ва тараққиёт банклари кўмагида ташкил этилаётган халқаро анжуманлар, форумлар, лойиҳалар орқали фаол ҳамкорлик қилмоқда.

"Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати агентлиги, Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги ва Финляндия метеорология институти ўртасидаги қўшма лойиҳа амалий ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир. Умумий қиймати 2 миллион доллар бўлган лойиҳа Ўзбекистон гидрометеорология хизмати салоҳиятини ошириш, мутахассисларга об-ҳаво шароити ва табиий офатларни башорат қилишнинг замонавий усулларини ўргатиш, иқлим хизматлари тизими ва иқлим ўзгаришига мослашиш чораларини ишлаб чиқишга қаратилган", – деб ёзган муаллиф.

Икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Финляндия билан келажакдаги ўзаро англашув меморандуми учун асос бўлиши мумкин бўлган бир қатор истиқболли йўналишларни белгилаб олди.

Илмий-таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш таклиф этилмоқда. Ўзбекистон Экология вазирлиги Финляндия университетлари ҳамда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ("Green University ") ўртасида алоқаларни йўлга қўйишдан манфаатдор. Aкадемик алмашинув дастурларини амалга ошириш, қўшма тадқиқотлар, яшил таълим технологияларини ривожлантириш минтақада эколог ва иқлимшуносларнинг янги авлодини тайёрлашга хизмат қилади.

Нашрда, шунингдек, биохилма-хилликни асраш ва алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик ҳам муҳим йўналиш ҳисобланиши қайд этилган. Финляндия ушбу мақсадлар учун ўз ҳудудининг 13,3 фоизини ажратади ва 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 30 фоизга етказмоқчи. Бу тажриба қўриқхоналар ва миллий боғлар тармоғини кенгайтириш дастурини фаол амалга ошираётган Ўзбекистон учун катта аҳамиятга эга.

"Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Финляндия Aтроф-муҳит ва иқлим вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумнинг имзоланиши ушбу ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги мантиқий қадам бўлади. Икки мамлакат ўртасидаги қўшма ташаббуслар инновация ва илмий салоҳиятни умумий мақсад – табиатни асраш, иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш ва барқарор келажакни қуриш сари бирлаштиради", – дея урғуланган мақолада.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш