Logo

"Q8 Press": Ўзбекистон қайта тикланадиган энергетикани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда

Июнь 16, 2025. 10:14 • 3 дақ

56
"Q8 Press": Ўзбекистон қайта тикланадиган энергетикани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда

АЛ-КУВАЙТ, 16 июнь. /"Дунё" АА/. Кувайтнинг электрон нашрида "Ўзбекистонда энергетика соҳасидаги ўзгаришлар: бозор механизмларига босқичма-босқич ўтиш" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"2017 йилдан буён Ўзбекистонда энергетика соҳасида самарадорликни ошириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва бозор механизмларига ўтишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейилади мақолада. – 2017 йилдан 2024 йилгача бўлган даврда электр энергия соҳасининг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди, жумладан, 8 та қонун, Ўзбекистон Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг 90 тадан ортиқ ҳужжатлари қабул қилинди".

Қайд этилишича, 2016-2024 йилларда мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 38%га ошиб, 2016 йилдаги 59 млрд кВт/соатдан 2024 йилда 81,5 миллиард кВт/соатга етди.

Шу билан бирга, аҳоли жон бошига тўғри келувчи электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 18%га ошиб, 2200 кВт/соатга етди. Охирги етти йилда ўтган 25 йилдаги энергия ҳажмидан 3 баробар кўп –11 минг МВт янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди.

"Иқтисодиётнинг жадал суръатларда ўсиб бораётганига қарамай, мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулот ёки хизмат учун камроқ энергия сарфлашга эришилди. Хусусан, 2017 йилдан 2024 йилгача мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 55%га ошган бўлса, ушбу даврда бир бирлик ишлаб чиқариш учун энергия сарфи 7,4%га камайди. Бошқача айтганда, иқтисодиёт камроқ энергия харажатлари билан ишлай бошлади – саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги ресурслардан янада оқилона фойдаланишга ўтди", – деб ёзган муаллиф.

Материалда Ўзбекистонда кайта тикланадиган энергетикани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланган. .2024 йил якунига қадар Ўзбекистоннинг 10 та вилоятида умумий қуввати 4,1 минг МВт бўлган 14 та қуёш ва 3 та шамол электр станцияси ишга туширилди. 2024 йилда ишлаб чиқарилган "яшил" электр энергияси ҳажми 4,9 миллиард кВт/соатни ташкил этди.

 Нашрда ўсиб бораётган талабни ҳисобга олган ҳолда барқарор бозор механизмларини яратиш ва инвестицияларни жалб этишга қаратилган тарифларнинг эркинлаштирилиши энергетика соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг давоми бўлгани урғуланган.

"Шу муносабат билан, Ўзбекистон Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2024 йил май ойида жорий этилган ижтимоий истеъмол нормасига асосланган янги тариф сиёсатининг уй хўжаликларининг энергия истеъмолига таъсирини баҳолаш бўйича тадқиқот ўтказилди. Тадқиқотда республиканинг барча ҳудудларидан 3516 та уй хўжаликлари иштирок этди. Шунингдек, 3,5 миллион табиий газ ва 8 миллион электр энергияси абонентларининг истеъмол маълумотлари таҳлил қилинди. Бу эса, энергия истеъмоли таркиби ва тарифлар ўзгаришига аҳолининг муносабатини тушуниш имконини беради",– дейилган материалда.

"Q8 Press" электрон нашрида жойлаштирилган мақолада ёзилишича, таҳлил натижалари кўра, 2024 йил май ойида жорий этилган ижтимоий нормага асосланган янги тарифлар натижасида аҳолининг энергия истеъмолида иқтисод қилиш сезиларли ўзгарган. Хусусан, май-декабрь ойларида электр энергияси истеъмоли 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 млрд кВт*соатга (-10,6%) қисқарган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш