Logo

Миср ОАВ: Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорлик иқтисодий, маданий ва ижтимоий натижаларга қаратилган стратегик иттифоқдир

Октябрь 25, 2025. 16:03 • 2 дақ

42
Миср ОАВ: Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорлик иқтисодий, маданий ва ижтимоий натижаларга қаратилган стратегик иттифоқдир

ҚОҲИРА, 25 октябрь. /"Дунё" АА/. Мисрнинг "Сада ал-Балад" ахборот агентлиги "Туризм Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликда кўприк сифатида" сарлавҳали мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда сўнгги йилларда туризм Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий стратегиясида устувор йўналишга айлангани таъкидланган. Ушбу сиёсат доирасида мамлакат ЕИ билан ҳамкорликни фаол ривожлантириб, туризм соҳасини иқтисодий ўсиш, маданий алмашинув ва халқаро имижини мустаҳкамлаш учун кучли воситага айлантирмоқда.

"ЕИ билан ҳамкорлик қўшма инфратузилма ва рақамли лойиҳалардан тортиб, туризмни глобал миқёсда тарғиб қилишгача бўлган кенг кўламли ташаббусларни қамраб олади. 2025 йил апрель ойида Самарқандда биринчи "Марказий Осиё-ЕИ" саммитининг ўтказилиши муҳим босқич бўлди, унда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган стратегик шериклик тўғрисидаги декларация қабул қилинди", – дейилган манбада.

Ўзбекистоннинг туризм имижини халқаро платформаларда тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланган. Euronews, BBC, CNN ва National Geographic каби етакчи оммавий ахборот воситалари мамлакатни истиқболли йўналиш сифатида тақдим этади ва Европадан туризмнинг ўсишига ҳисса қўшяпти.

Мақола хулосасида "Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорлик шунчаки тажриба алмашиш эмас, балки аниқ иқтисодий, маданий ва ижтимоий натижаларга қаратилган стратегик иттифоқдир. Ҳамкорлик минтақа учун янги имкониятлар очади, халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди ва Марказий Осиёни дунё учун янада очиқ ва жозибадор қилади", – деб ёзилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш