Миср ОАВ: Айритом трансчегара савдосининг янги марказига айланмоқда
Октябрь 23, 2025. 12:11 • 2 дақ
• 23
ҚОҲИРА, 23 октябрь. /"Дунё" АА/. Мисрнинг "Сада ал-Балад" ахборот агентлиги "Айритом трансчегара савдосининг янги марказига айланмоқда – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази тадқиқоти натижалари" сарлавҳали мақолани эълон қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) Айритом эркин савдо зонаси фаолиятига комплекс баҳолаш ўтказди, – дейилган манбада. – Таҳлил натижаларига кўра, хизматлар кўламини кенгайтириш ва тун-у кун ишлаш режимига талаб мавжуд".
Айритом эркин савдо зонаси 2024 йил август ойида Термиз шаҳрида очилган бўлиб, Марказий Осиёда трансчегара савдосини ривожлантириш йўлидаги энг йирик лойиҳалардан бирига айланди. Бу орқали Ўзбекистоннинг савдо ва логистика бўйича минтақавий хаб сифатидаги ўрни янада мустаҳкамланмоқда.
"Зонанинг умумий майдони 26 гектарни ташкил қилади, шундан 164,2 минг м² инфратузилма объектларига ажратилган. Ҳудудда меҳмонхона, тиббиёт клиникаси, бизнес-мактаб, ресторанлар, ишлаб чиқариш майдонлари ва логистика комплекси жойлашган. Лойиҳа доирасида 3,0 мингга яқин иш ўрни яратилиши, йиллик экспорт ҳажми 1,2 миллиард долларга етказилиши ҳамда ҳар йили 1,4 миллион нафаргача ташрифчи жалб қилиниши кўзда тутилган. Эркин савдо зонаси афғон фуқароларига визасиз ташриф буюриш имконини беради, трансчегаравий савдосини фаоллаштиради ва икки давлат ўртасида иқтисодий алоқаларнинг кенгайишига хизмат қилади", – дейилган нашрда.
Нашрда ёзилганидек, Айритом фаолияти йўлга қўйилганидан бери бу ерга 740 мингдан ортиқ киши, шу жумладан 400 минг афғон фуқаролари ташриф буюрди. Энг катта талаб меҳмонхона ва тиббий хизматларга тўғри келди.
Савдо фаолияти ҳам ижобий суръатлар билан ривожланмоқда. Мавжуд 490 савдо майдонидан 218 тасида дўконлар аллақачон ишламоқда. Айритом савдо зонаси орқали Афғонистонга умумий қиймати 187 миллион долларлик товар ва маҳсулотлар экспорт қилинди.
Лойиҳанинг аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Айритом савдо зонасида тадбиркорлар ва ташриф буюрувчилар ўртасида сўровнома ўтказди. Натижалар савдо фаолиятидаги тенденциялар ва келгусида ривожлантириш учун устувор йўналишларни белгилаб берди.
"Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Айритом савдо ҳудудига қизиқиш юқори бўлиб, унинг ўсиш салоҳияти катта. Шу билан бирга, ривожланиш учун бир қатор муҳим йўналишлар белгилаб берилди. Афғонистон фуқаролари асосий мижозлар қатлами сифатида чегара ва божхона назоратидан ўтиш жараёнини енгиллаштириш ва тезлаштиришни муҳим деб ҳисоблашмоқда. Сўровда қатнашганларнинг 71 фоизи бу жараён кўп вақт талаб қилаётганини қайд этган", – дея қайд этилган материалда.
Мақола хулосасида ёзилганидек, "Умуман олганда, Айритом марказига талаб юқори бўлиб қолмоқда. Инфратузилма ва сервислар ривожини давом эттириш уни трансчегаравий савдо ва ҳамкорликнинг муҳим нуқтаси сифатида мустаҳкамлайди".
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди