Logo

«Независимая газета»: Туризм — Ўзбекистон иқтисодиётининг келажаги

Октябрь 07, 2023. 14:32 • 3 дақ

298
«Независимая газета»: Туризм — Ўзбекистон иқтисодиётининг келажаги

МОСКВА, 7 октябрь. /«Дунё» АА/. Россиянинг оммабоп «Независимая газета»сида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги мақолани муштарийлар эътиборига тақдим қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Журналист Виктория Панфилованинг ёзишича, бундан бир неча йил аввал Ўзбекистон кўпчилик руслар, айниқса собиқ совет даврини бошдан кечирмаганлар учун ўзига хос «terra incognita» эди.

«Аммо Президент Шавкат Мирзиёев давлат бошқарувига келганидан сўнг вазият тубдан ўзгара бошлади. Замонавий типдаги прагматик лидер тўғри равишда ёпиқлик бошқарув ҳозирги дунё ҳақиқатига тўғри келмайди, деб ҳисоблайди. Бундан келиб чиқиб, туризм мамлакат тараққиётининг муҳим элементларидан бири сифатида белгиланди», - деб ёзган у.

Нашрда қайд этилишича, туризм соҳаси бир қатор мамлакатлар, жумладан, жаҳон аҳамиятига молик тарихий диққатга сазовор жойларга бой Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин тутади.

Муаллифга кўра, Ўзбекистонда сўнгги беш йил ичида вазият кескин ўзгарган. Аэропортлар ва йўллар қурилди ҳамда реконструкция қилинди, оилавийдан тортиб халқаро тоифадаги ҳашаматли минглаб янги меҳмонхоналар пайдо бўлди.

«Натижада бугунги кунда Ўзбекистонда туризм жадал ривожланмоқда. Ўтган йили бу ерга биргина Россиядан қарийб 570 минг сайёҳ келганини айтиш кифоя. Ва бу, бир йил олдингига қараганда уч баравар кўп. МДҲнинг бошқа давлатларидан ҳам сайёҳлар оқими ортиб бормоқда. Бошқа нарсалар қаторида, меҳмонларни тинч, дўстона муҳит ва маҳаллий аҳолининг муносабати ўзига жалб қилади. Бироқ меҳмондўстлик ҳамиша ўзбекларнинг ўзига хос хусусияти бўлиб келган», - дея қайд этган нашр.

Мақолада хорижлик экспертларнинг Ўзбекистонда туризм соҳасининг ривожланиши ҳақидаги фикрлари ҳам ўрин олган. Бундан ташқари, туризм билан боғлиқ хусусий секторни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилаётгани таъкидланган. «Хусусан, туроператорлар ва авиаташувчиларнинг Самарқанд, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортларига хорижий давлатлардан чартер рейсларни ташкил этиш харажатларининг бир қисми қопланади, - деб ёзган мухбир.- Шунингдек, баландлиги камида беш қаватли янги меҳмонхоналарни қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторлар харажатларининг бир қисмини қоплаш тизими жорий этилмоқда. Олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларидаги кемпинг эгалари ва сафари-туризми ташкилотчиларига солиқ имтиёзлари берилади».

Шунингдек, нашрда жорий йилнинг октябрь ойида БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеясининг 5-юбилей сессияси Ўзбекистонда илк бор бўлиб ўтиши маълум қилинган. Маълум қилинганидек, Самарқандда дунёнинг 160 га яқин давлатидан туризм соҳасида фаолият юритувчи давлат органлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, туризм бизнеси вакиллари иштирок этади. Бундан ташқари, Ўзбекистон ЮНВТО Ижроия кенгашининг 2023-2027 йилларга мўлжалланган Ваколатлар бўйича қўмитаси аъзолигига қабул қилинди.

«Бу республика зиммасига БМТнинг ушбу муҳим бўлинмаси Ижроия кенгаши томонидан қабул қилинган муҳим қарорлар ва ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги ҳамда принципларига риоя этилишини назорат қилиш ваколати юкланганлигини англатади. Ўз навбатида, бу мамлакатнинг халқаро майдондаги мустаҳкам ўрни ва Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи тобора юксалиб бораётганидан далолат беради», - деб ёзган муаллиф.

Журналист, шунингдек, мутахассисларнинг фикрига қўшилган ҳолда, туризм Ўзбекистон иқтисодиётининг драйверига айланиши мумкинлигини алоҳида урғулаган.

«Сайёҳлик соҳасидаги тараққиёт турдош тармоқларнинг ривожланишини тақозо этади ва юқори мультипликатив эффектга эга бўлган даромадларни оширишга хизмат қилади. Туризм янги иш ўринлари яратишда ҳам муҳим омил ҳисобланади», - дейилади «Независимая газета»сида босилган мақолада.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш