Logo

Покистон ОАВ: Ўзбекистонда "яшил иқтисодиёт" концепцияси конституциявий мақом даражасига кўтарилган

Май 15, 2025. 10:07 • 2 дақ

41
Покистон ОАВ: Ўзбекистонда "яшил иқтисодиёт" концепцияси конституциявий мақом даражасига кўтарилган

ИСЛОМОБОД, 15 май. /"Дунё" АА/. Покистоннинг "Pakistan in the World" журнали, "Daily Big Digit" газетаси, "The Gulf Observer", "The Europe Today" ва "World News" янгиликлар порталларида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, академик Акмал Саидовнинг "Янги Ўзбекистон: тараққиётнинг "яшил" йўли" сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистоннинг экологик сиёсатга асосланган истиқболли тараққиёт йўли атрофлича ёритилган.

Мақолаларда XXI асрда глобал иқлим ўзгариши, сув ресурслари танқислиги ва биологик хилма-хилликнинг йўқолиши инсоният олдида турган энг муҳим муаммолар сифатида таъкидланган. "Бундай шароитда Ўзбекистон томонидан танланган "яшил ривожланиш" йўли нафақат миллий тараққиёт, балки минтақавий хавфсизлик ва глобал барқарорликни таъминлашга қаратилган узоқ муддатли стратегиядир", – дея қайд этган муаллиф.

Покистон ОАВ Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017-2025 йиллар давомида иқлим ўзгаришига қарши кураш борасида илгари сурган 54 та амалий ташаббусини ва Ўзбекистонда барқарор ривожланиш соҳасида олиб борилаётган комплекс ислоҳотларни таҳлил қилган. Хусусан, иқлим ўзгаришига мослашиш, қайта тикланувчи энергетикага ўтиш, Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ҳудудига айлантириш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва халқаро экологик ҳамкорлик йўналишида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилган.

"Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2021 йили қабул қилинган махсус резолюция орқали Оролбўйи ҳудудининг "экологик инновациялар ва технологиялар зонаси" деб эълон қилиниши мамлакатнинг халқаро миқёсда экологик дипломатиясидаги муҳим ютуқларидан биридир. Шу билан бирга, Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясида, COP28, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитлари доирасида илгари сурган "яшил" ташаббуслари, хусусан, "яшил энергетика макони", "яшил белбоғ" ва "Иқлим технологиялари халқаро экспо-хаби" каби ташаббуслари муҳим аҳамиятга эга", – деб таъкидлаган нашрларда. 

 Мақолаларда Ўзбекистонда "яшил иқтисодиёт" концепцияси Конституциявий сиёсат даражасига кўтарилгани, экологик маданиятни шакллантириш, ёш авлодни экологик тафаккур руҳида тарбиялашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам урғуланган.

Қайд этилишича, "Тошкент – яшил пойтахт" лойиҳаси, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, рақамлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва экотехнологияларга асосланган стартапларни жиддий қўллаб-қувватлаш каби амалий ишлар ҳам эътиборга лойиқдир.

"Ўзбекистоннинг "яшил" тараққиёт борасидаги тажрибаси халқаро майдонда ҳам эътироф этиляпти. Халқаро ҳамжамият мамлакатнинг нафақат минтақавий, балки глобал даражада барқарор "яшил" тараққиётнинг фаол тарафдори эканлиги юксак баҳоламоқда", – деб ёзган Покистон ОАВ.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш