Logo

Яқин Шарқ мамлакатларининг етакчи ОАВ Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти ҳақида ёзмоқда

Май 10, 2025. 12:24 • 2 дақ

70
Яқин Шарқ мамлакатларининг етакчи ОАВ Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти ҳақида ёзмоқда

АР-РИЁЗ, 10 май. /"Дунё" АА/. Саудия Арабистони, Яман ва Иорданиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини кенг ёритмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Жумладан, Яманнинг "Hadarmawt" электрон нашрида "Ўзбекистонга илк бор бир ойда 1 миллиондан кўп хорижий сайёҳ келди" сарлавҳали мақола эълон қилинди.


Унда шу йил апрель ойида Ўзбекистонга 1 миллиондан зиёд хорижий сайёҳ келгани таъкидланган. Қайд этилишича, бу мамлакатда туризм соҳасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, хусусан, очиқлик ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш натижасидир.


Яман электрон нашрига кўра, Ўзбекистон Президентининг туризмни стратегик тармоқ сифатида ривожлантиришга қаратилган фармон ва қарорлари ҳамда соҳага инвестициялар жалб этилиши, визасиз режимларни кенгайтириш, халқаро туристик ярмарка ва форумларда фаол иштирок этиш мамлакатимиз жозибадорлигини янада оширмоқда.


"Келгусида ҳам соҳани янада ривожлантириш, халқаро стандартларга мос хизмат турларини кенгайтириш ҳамда экологик ва барқарор туризм йўналишларини қўллаб-қувватлаш орқали Ўзбекистонни жаҳон миқёсида рақобатбардош ва жозибадор туристик йўналишга айлантириш мақсад қилинган", – дейилган мақолада.


Саудия Арабистонининг "Sahm news" нашри эса "Хоразмнинг туризм салоҳиятида яна бир гавҳар" сарлавҳали мақолани ўқувчилари эътиборига тақдим қилди. Унда Хивада янги "Арда Хива" мажмуаси бунёд этилгани, унинг очилишида Ўзбекистон Президенти иштирок этгани хабар қилинган.


Мажмуа қадим кент ичра яна бир бетакрор шаҳарни эслатади. Мазкур маскан ўзида тарих ва бугунни уйғунлаштирган меъморий ечими билан ноёб лойиҳа саналади.


"Арда Хива" ҳудуддаги 25 гектарлик паст унумли, шўрхок майдонда қурилди. Унинг бир томони 150 гектарлик Ғовук кўлга туташиб кетгани, бу майдонларда эса яшил ҳудудлар ташкил этилаётгани лойиҳани сайёҳлар учун янада жозибадор кўрсатишга хизмат қилади, – деб ёзган Саудия ОАВ.


Иорданиянинг "Ammon News" газетаси Яқин Шарқ туризм бозорида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бўлган қизиқиш кескин ошгани ҳақида ёзди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш