Logo

Бельгия ОАВ: Орол денгизи инқирози нафақат минтақавий, балки глобал экологик муаммодир

Октябрь 14, 2025. 18:33 • 2 дақ

63
Бельгия ОАВ: Орол денгизи инқирози нафақат минтақавий, балки глобал экологик муаммодир

БРЮССЕЛЬ, 14 октябрь. /"Дунё" АА/. Бельгиянинг "Eureflect.com" электрон нашрида "Оролбўйи ҳудудини глобал иқлим технологиялари майдонига айлантириш: яшил энергия, сув тежамкор технологиялар ва халқаро шериклик имкониятлари" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда ёзилганидек, Ўзбекистон Президентининг шу йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги иштироки нафақат мамлакат, балки бутун минтақа учун чуқур сиёсий ва тарихий аҳамиятга эга бўлди. Бутун дунё давлат раҳбарларини жамлайдиган ушбу нуфузли минбарда сўзга чиққан Ўзбекистон барқарор ривожланиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, сув ресурсларини самарали бошқариш каби муҳим масалаларни кўтарди.

"Президент жаҳоннинг энг нуфузли институти – БМТдаги нутқи орқали Ўзбекистоннинг ташаббускор ва масъулиятли давлат сифатидаги халқаро мавқеи ва нуфузини янада мустаҳкамлади. Айниқса, Оролбўйида амалга оширилаётган экологик ва инновацион ташаббусларни тақдим этиш орқали Ўзбекистон долзарб экологик муаммоларни ҳал этишда глобал ҳамкорликка очиқлигини намойиш этди. Ушбу иштирокнинг яна бир муҳим жиҳати Оролбўйи минтақасини иқлим технологияларини илгари суриш учун очиқ платформа сифатида таъкидлаб, Ўзбекистоннинг экологик соҳасидаги халқаро ташаббусларининг глобал сиёсий кун тартибига интеграциялашувидир", – деб ёзган муаллиф.

Таъкидланганидек, ташриф чоғида Оролбўйи бўйича ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан катта эътиборга сазовор бўлди.

Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида Оролбўйида юзага келган экологик офат ва унинг оқибатларини юмшатиш борасида амалга оширилаётган ташаббусларга алоҳида эътибор қаратди. Бу масала халқаро ҳамжамиятнинг жиддий эътиборини тортди ва Орол денгизи инқирози нафақат минтақавий муаммо, балки глобал экологик муаммо сифатида эътироф этилганини яна бир бор тасдиқлади", – дея урғуланган материалда.

"Ўзбекистоннинг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожланиш ва инновациялар марказига айлантириш ташаббуси халқаро ҳамкорлар томонидан кучли қўллаб-қувватланди. Хусусан, "яшил энергия, сувни тежовчи технологиялар, экотуризм, биологик хилма-хилликни тиклаш каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун салмоқли имкониятлар таъкидланди", – деб ёзилган мақолада.

 Бельгия ОАВ ёзганидек, ташриф чоғида Орол муаммосининг БМТнинг нуфузли платформасида кўтарилиши глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро донор ва ташкилотлар эътиборини янада кучайтириш учун муҳим сиёсий ва амалий асос бўлиб хизмат қилди.

Мақола хулосасида, таъкидланганидек, "Оролбўйи минтақасини иқлим технологияларининг глобал марказига айлантириш ташаббуси нафақат минтақавий миқёсда, балки бутун дунёда стратегик аҳамиятга эга. Унинг асосий моҳияти экологик барқарорликни таъминлаш, сув ресурсларини тежаш, чўлланиш жараёнларини юмшатиш ва биологик хилма-хилликни тиклашдан иборат".

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш