Ҳиндистонда Ўзбекистондаги янгиланиш жараёнига бағишланган махсус журнал нашрдан чиқди
Октябрь 20, 2025. 13:33 • 3 дақ
• 82
ДEҲЛИ, 20 октябрь. /"Дунё" АА/. Ҳиндистоннинг ихтисослашган "Business Central Asia" журналининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони нашрдан чиқди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Журнал саҳифаларида мамлакатимиз ҳаётидаги сўнгги ўзгаришлар ва янгиланиш жараёнига бағишланган таҳлилий материаллар ва ёрқин фотосуратлар жой олган.
"Ўзбекистон асрлар давомида инсоният тамаддунида ўчмас из қолдирган буюк алломалар, шоирлар ва мутафаккирлар туғилиб, тарбия топган замин бўлиб келган. Мамлакат тарихи ақл-заковат ва ижодкорликнинг ёрқин манзарасини, қадимдан инсоният тасаввурини шакллантирган маданиятнинг ишончли далилини ўзида акс эттирган. Бугунги кунда Ўзбекистон яна иқтисодий имкониятлар чорраҳасига айланган. Мамлакат изчил ва дадил ислоҳотлар, стратегик инвестициялар ва ғайратли ёш аҳоли билан жаҳон саҳнасига дадил кириб бормоқда", – деб таъкидланган нашрнинг бош мақоласида.
Унда, шунингдек, Ўзбекистоннинг бой мероси, табиий бойликлари ва шижоатли аҳолиси бугунги кунда қўлга киритилаётган салмоқли иқтисодий ва ижтимоий муваффақиятларга асос бўлаётгани урғуланган. Изчил давом эттирилаётган янгиланиш жараёни, узоқни кўзлаган мақсадли ислоҳотлар ва глобал майдондаги иштирокнинг кенгаяётгани мамлакатнинг Евроосиёнинг қоқ марказида дадил тараққий этаётган, фаол ва иқтисодий жиҳатдан таъсир ўтказаётган давлат сифатидаги мустаҳкам мавқеидан далолат беради.
Ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган мақолалар Ўзбекистон ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган.
"Тақдири муштарак инсонлар учун Мустақиллик байрами" сарлавҳали материалда давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи мазмун-моҳияти, мамлакатимизда бўлиб ўтган байрам тадбирлари ҳақида сўз юритилган.
"Шавкат Мирзиёев: ҳар бир инвесторнинг манфаатларини кафолатлаймиз" сарлавҳали мақола 4-Тошкент халқаро инвестиция форуми якунларига бағишланган. Муаллиф Ўзбекистон Президенти мамлакат инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва қулай инвестиция муҳитини яратишга содиқлигини алоҳида таъкидлаганини баён этган. Нашр ўқувчиларининг эътибори Ўзбекистонда хорижий инвесторларга жозибадор ва қулай шарт-шароитлар яратиш учун маҳаллий компаниялар билан бир хил шароитларни кафолатлайдиган миллий тизим жорий этилганига қаратган.
Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев "Ўзбекистон ва Ҳиндистон: кўп асрлик дўстликдан XXI асрдаги стратегик шериклик сари" сарлавҳали мақолада мамлакатимиз Мустақилликнинг 34 йиллик санасини қандай юксак натижалар билан кутиб олгани, ҳаётга тадбиқ этилаётган серқирра ва салмоқли ислоҳотлар самаралари, Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида фикр юритган.
Махсус сонда профессорлар Акмал Саидов ва Дурбек Аҳмедов, "Тараққиёт стратегияси" маркази ижрочи директори Элдор Туляков, журналист Беҳруз Худойбердиев ва бошқа муаллифларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар, халқаро ва спорт ҳаётига оид мақолалари ўрин олган.
"Термиз мулоқоти: ўзаро боғлиқлик шунчаки атама эмас, балки ҳаётий аҳамиятга эга тушунчадир" сарлавҳали мақолада Ўзбекистон жанубидаги қадимий ва стратегик жойлашган шаҳарда бўлиб ўтган Термиз мулоқоти ҳақида ҳикоя қилинади. Нашр халқаро мулоқотнинг ушбу янги формати қисқа вақт ичида Марказий ва Жанубий Осиёда минтақавий интеграция ва иқтисодий ҳамкорликни илгари суриш учун муҳим платформа сифатида эътироф этилганини қайд этган. "Тарихан Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб цивилизациялари ўртасидаги боғловчи бўғин бўлган Термиз эндиликда нафақат ушбу мероснинг рамзи, балки ўзаро боғлиқликка асосланган янги минтақавий тартибнинг таянчи сифатида ҳам қабул қилинмоқда", – деб ёзган мақола муаллифи.
Мамлакатимизнинг туризм салоҳияти, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналари, миллий ошхона ранг-баранглиги ва бошқа мавзулардаги материаллар ҳам нашр ўқувчилари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
"Business Central Asia" журнали Марказий Осиёда рўй бераётган воқеалар ва Ҳиндистоннинг минтақа мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлиги масалаларини кенг ёритишга ихтисослашган. Адади 40 минг нусхадан ошади. Вазирликлар ва идоралар, иқтисодий, эксперт-таҳлилий, илмий, академик ва кенг жамоатчилик доиралари ҳамда Деҳлида аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари ўртасида тарқатилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди