Logo

Россия ОАВ Ўзбекистон ва АҚШ Президентлари ўртасида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган учрашув ҳақида ёзмоқда

Сентябрь 25, 2025. 11:36 • 3 дақ

109
Россия ОАВ Ўзбекистон ва АҚШ Президентлари ўртасида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган учрашув ҳақида ёзмоқда

МОСКВА, 25 сентябрь /"Дунё" АА/. Россиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп ўртасида 23 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган музокарларни кенг ёритди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси доирасида БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида Ўзбекистон ва АҚШ Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трампнинг учрашуви бўлиб ўтди", – деб ёзди "Спутник" АА.


Таъкидлашича, томонлар Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари ва устувор йўналишларини муҳокама қилган, долзарб минтақавий ва глобал муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.


"АҚШ раҳбари Янги Ўзбекистонда иқтисодиётни модернизация қилиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, халқаро майдондаги нуфузини оширишга қаратилган амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларни қўллаб-қувватлади", – дейилади материлда.


"Interfax" АА Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трамп Нью-Йоркдаги учрашувда Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари ва устувор йўналишларини атрофлича муҳокама қилганлари ҳақида ёзди.


Томонлар, шунингдек, асосий минтақавий ва глобал муаммолар юзасидан фикр алмашдилар ҳамда жорий йилнинг 5 сентябр куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида эришилган келишувлар ижросини кўриб чиқдилар.


Учрашув аввалида Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ етакчиси Дональд Трампни ички ва ташқи сиёсатдаги ютуқлари билан табриклаб, унинг халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал этишга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида таъкидлади.


Ўз навбатида, АҚШ Президенти Ўзбекистонда иқтисодиётни модернизация қилиш, турмуш даражасини ошириш, мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирди.


Мақолада, шунингдек, АҚШ етакчиси Дональд Трамп Шавкат Мирзиёевнинг Американинг 50 дан ортиқ йирик компаниялари ва молиявий институтлари раҳбарлари билан бир кун аввал Нью-Йоркда ўтказилган учрашувлари натижаларини юқори баҳолагани алоҳида урғуланган. Музокаралар якунида фуқаро авиацияси, тоғ-кон саноати, муҳим фойдали қазилмалар, молия, инновациялар, шунингдек, кимё ва энергетика каби соҳаларда келишув ва лойиҳалар портфели шакллантирилди.


"Музокаралар сўнгги Президент Шавкат Мирзиёев Дональ Трампни қулай вақтда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишни таклиф қилди", – дейилган нашрда.


"ТАСС" ахборот агентлиги ушбу мавзуда тарқатган мақоласида Ўзбекистон Президенти АҚШ Президенти билан учрашувида унинг халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал этишга қўшган ҳиссасини қайд этганига эътибор қаратади.


"Суҳбат аввалида Ўзбекистон раҳбари Президент Дональд Трампни ички ва ташқи сиёсатни амалга оширишдаги улкан ютуқлари билан самимий табриклади. Унинг ўткир халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал этишдаги шахсий ҳиссаси ва саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди", – дейилади материалда.


"Российская газета"нинг ёзишича, Ўзбекистон ва АҚШ 100 миллиард долларлик шартномалар портфелини шакллантирган.    Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус элчиси Сержио Гор билан учрашгани, икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилингани ҳам маълум қилинди.


Нашрда, Нью-Йоркда АҚШнинг етакчи компаниялари билан учрашувлар бўлиб ўтгани ҳам хабар қилинган.


"Томонлар АҚШ Эксимбанки ва DFC фондининг янги лойиҳаларни илгари суриш имкониятларини муҳокама қилдилар. "Хавфсизлик, терроризмга қарши курашиш ва ноқонуний миграция соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди", – деб ёзган "Российская газета".

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш