Москва вилоятида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Россия ҳудудлараро кенгашининг иккинчи йиғилиши Россия ОАВ диққат марказида
Октябрь 23, 2025. 10:51 • 3 дақ
• 73
МОСКВА, 23 октябрь. /"Дунё" АА/. Россия оммавий ахборот воситалари, жумладан, "Россия 24" ва "МИР 24" телеканаллари, шунингдек, "ТАСС", "РИА Новости", "Спутник", "Большая Азия" ахборот агентликлари 21-22 октябрь кунлари Москва вилоятида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Россия ҳудудлараро иккинчи кенгаши йиғилишини кенг ёритди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрларда қайд этилганидек, Кенгаш икки давлат ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш учун муҳим платформага айланди.
Хусусан, Россия оммавий ахборот воситалари икки мамлакат делегациялари вакиллари Россия ва Ўзбекистон ҳудудлараро кенгашининг иккинчи ялпи йиғилишида, саноат ва қишлоқ хўжалиги, энергетика ва электрон тижорат, транспорт ва логистика, маданият ва таълим соҳаларида ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилганини таъкидлаган.
"Россия Президенти Владимир Путин Кенгаш иштирокчиларига мурожаат йўллади. Мурожаатда ҳудудлараро ҳамкорлик икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг муҳим таркибий қисми сифатида қайд этилди ва бугунги кунда қўшма иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш, саноат парклари ва технологиялар марказларини очиш, кўргазма ва тақдимотлар ўтказиш учун шарт-шароит кўрсатувчи 40 дан ортиқ минтақалараро келишувлар амал қилаётгани таъкидланди", – дейилган нашрларда.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев форум иштирокчиларига табрик йўллади. Унда ҳудудлар стратегик мақсадларга эришишда муҳим роль ўйнаши ва амалий ҳамкорликнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланиши кераклигини таъкидланди. Шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликнинг асосий устувор йўналишларини белгилаб берилди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида шериклик алоқаларини чуқурлаштириш, инновацион технологияларни жорий этиш, Россиянинг етакчи бозорлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, туризмни ривожлантириш орқали ўзаро савдонинг ижобий динамикасини сақлаб қолиш шулар жумласидандир.
Ялпи йиғилишда сўзга чиққан Россия Бош вазирининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2019 йилдан буён икки баравардан зиёд ошгани, 2025 йилда эса яна 7 фоизга ошиши кутилаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ҳар икки давлат ҳам ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш механизмларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратмоқда ва бу борадаги Россия-Ўзбекистон сармоявий платформаси давлатимиз ташаббуси билан яратилган асосий ишдир.
Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев геосиёсий беқарорлик, глобал иқтисодий муаммолар, бозор ва хомашё учун рақобат кучайиб бораётган бир шароитда икки давлат олдида қатор стратегик вазифалар турганини таъкидлади. Бу вазифаларни ҳал этишнинг калити мамлакатлар тараққиётининг ҳақиқий ҳаракатлантирувчи кучига айланиб бораётган ва ҳамкорликни янада кенгайтириш учун салмоқли салоҳиятга эга бўлган ҳудудлардадир.
"Жамшид Ходжаев ўз нутқида импорт ва экспорт тузилмасига алоҳида тўхталиб, электрон тижорат кўпайганини таъкидлаб, барча савдо тўсиқларини бартараф этиш, техник регламентларни уйғунлаштириш, божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш, ўзаро бозорга киришни соддалаштириш, хомашё ва тайёр маҳсулотларни етказиб бериш муддатларини қисқартириш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар ҳудудлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини янги босқичга кўтаришига ишонч билдирди", – деб таъкидланган материалларда.
Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, шунингдек, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалигида кооперацияни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, маданий-гуманитар ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратди.
"Ўзбекистон ноёб тарихий, маданий ва меъморий ёдгорликлари, жадал ривожланаётган экотуризм йўналишлари ва объектлари билан фахрланади. Биз экологик, соғломлаштириш, гастрономик, зиёрат туризмини ривожлантиришга тайёрмиз", – дея Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари сўзларидан иқтибос келтирилган манбаларда.
Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, тадбирда икки мамлакат ҳудудлари етакчилари, давлат ва муниципал ҳокимият органлари вакиллари, экспертлар, тадбиркорлар сўзга чиқиб, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳақида тўхталдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди