Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқи Эроннинг марказий оммавий ахборот воситалари нигоҳида
Сентябрь 25, 2025. 19:08 • 2 дақ
• 86
ТЕҲРОН, 26 сентябрь. /"Дунё" АА/. Эроннинг марказий "Fars News" ва "Iran Roshan News" ахборот агентликлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқини кенг ёритди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Уларда ёзилганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясининг умумсиёсий мунозараларида нутқ сўзлаб, кучайиб бораётган халқаро муаммолар шароитида глобал бирдамлик, мулоқот ва ҳамкорликни янада кучайтиришга чақирди.
Эрон ОАВ маълум қилганидек, Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида иштирокчиларни БМТ Бош Ассамблеясининг юбилей анжумани – 80-сессияси билан самимий қутлади. Мазкур йиғилиш шиддат билан ўзгараётган мураккаб глобал вазиятда ўтаётгани, бу эса Ташкилот фаолияти ва унинг келажагига янгича ёндашувлар билан қарашга чорлаётганини қайд этди.
Ўзбекистон Президенти тобора ўткир тус олаётган иқлим ўзгариши муаммоларига ҳам алоҳида тўхталди. Қайд этилганидек, Орол денгизи қуришининг салбий оқибатлари жаҳон ҳамжамиятининг доимий диққат марказида бўлиши лозим. "Биз Оролбўйи экотизимини қайта тиклаш бўйича ишларни изчил давом эттиряпмиз. Сўнгги йилларда денгизнинг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда шўрга чидамли чўл ўсимликлари экилди. 2030 йилгача ушбу ҳудуднинг 80 фоиз қисмида яшил қопламалар ҳосил қилинади", – дея Ўзбекистон Президенти сўзларидан иқтибос келтирилган нашрларда.
Қайд этилганидек, сув ресурсларининг тақчиллиги муаммосига тўхталар экан, Президент Ўзбекистонда Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказиш режалаштирилганини таъкидлади.
Мақолаларда мазкур анжуман якунлари бўйича Сув инқирозини барқарор тараққиёт учун жиддий таҳдид сифатида белгилаш ва бу борада глобал даражада инновация технологияларини жорий этиш учун алоҳида "йўл харитаси"ни қабул қилиш режалаштирилгани хабар қилинган.
"Хавфсизлик мавзуси давомида Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиёда Глобал аксилтеррор стратегиясини бажариш бўйича самарали ишларни қайд этди. БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда тузилган Реабилитация ва қайта интеграция масалалари бўйича Минтақавий Кенгашни Халқаро компетенциялар марказига айлантириш таклиф этилди. Марказ муаммоли ҳудудлардан қайтарилган шахсларни тинч ҳаётга мослаштириш бўйича тажриба алмашиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
"Ўзбекистон Президенти БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Ўзбекистонда очиш учун зарур шароит яратишга тайёрлигини билдирди", – дейилган мақолаларда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди