Германиядан муносабат: Ўзбекистон ва Мўғулистон катта салоҳиятга эга истиқболли давлатлар сирасига киради
Июль 02, 2025. 08:57 • 2 дақ
• 120
БЕРЛИН, 1 июль. /"Дунё" АА/. Германиянинг Ҳессен федерал ўлкаси давлат канцеляриясининг Европа масалалари ва халқаро ҳамкорлик департаменти собиқ раҳбари Михаэль Борхманн "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 24-25 июнь кунлари Мўғулистонга буюрган давлат ташрифига оид фикрлари билан ўртоқлашди:

– Ташриф икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва кенг қамровли ҳамкорлик муносабатларини шакллантириш йўлида муҳим тарихий қадам бўлди, деб ўйлайман.
Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган. Роппа-роса бир йил олдин, яъни 2024 йил 23-26 июнь кунлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух илк давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келганди. Учрашув давомида икки давлат ҳукуматлари, парламентлар ва вазирликлари даражасида алоқаларни ривожлантириш ва ҳамкорлик соҳаларини кенгайтириш бўйича келишувлар имзоланган эди.
Икки мамлакатни ҳам яхши биламан, улар ҳаётимда энг ёрқин хотиралар билан муҳрланган. Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқандга ташрифим чоғида Регистон мажмуасида туриб тунги юлдузларни кузатганим бўлса, бетакрор гўзал табиатга эга Мўғулистоннинг Гоби чўлида юлдузли осмон остида ўтовда ўтказган кезларим ҳамон ёдимда.
Мазкур давлат ташрифи, албатта, алоҳида маъно касб этади. Биринчидан, бу икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён Ўзбекистон Президентининг Мўғулистонга илк давлат ташрифи бўлгани учун ҳам бу тарихий аҳамиятга эга. Иккинчидан, ҳар икки давлат ҳам катта салоҳиятга эга истиқболли мамлакатлар сирасига киради. Энди томонларнинг катта имкониятлари ишга солинса, икки томонга ҳам самарали натижалар бериши аниқ.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон бугунги кунда ялпи миллий маҳсулотнинг ажойиб ўсиш суръатларини кўрсатмоқда. Мўғулистон ҳам фақат коронавирус пандемияси сабабли ўта оғир 2020 йилни ҳисобга олмаганда, жуда яхши иқтисодий ўсиш кўрсаткичлар билан ривожланиб келаётган давлатдир. Шу маънода, давлат ташрифининг асосий натижаларидан бири сифатида Кенг қамровли шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация имзолангани эътиборга моликдир.
Қолаверса, хоҳ иқтисод, хоҳ туризм бўладими икки давлат ўртасида ҳамкорлик қилиш учун кўплаб йўналишлар мавжуд. Ташриф арафасида ўтказилган Ўзбекистон ва Мўғулистон тадбиркорларининг бизнес-форуми ва учрашувлар, имзоланган янги шартнома ва битимлар икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни тарихий янги босқичга олиб чиқишга замин яратади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мўғулистонга давлат ташрифи икки мамлакат учун ҳам манфаатлидир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Кенжи Ҳирата: Япония–Ўзбекистон муносабатлари янги босқичга қадам қўймоқда
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот