Меҳмет Женгиз: Ўзбекистон хорижий инвестицияларимиз географиясининг марказига айланди
Сентябрь 12, 2024. 07:28 • 5 дақ
• 210
АНҚАРА, 12 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари орасида Туркия алоҳида ўринга эга. Маданият ва тил, маънавий қадриятлар, ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги яқин қардошлик ришталари ҳозирги босқичда самарали алоқаларни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Албатта, ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири — бу иқтисодий йўналишдир. Туркиялик инвесторлар икки халқ равнақи ва ривожланишига ҳисса қўшиш йўлида Ўзбекистон тараққиётига салмоқли улуш қўшмоқда.

"Дунё" ахборот агентлиги мухбири "Cengiz Holding" компанияси директорлар кенгаши раиси Меҳмет Женгиз билан турк инвесторларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ва интилиши ҳақида суҳбатлашди.
– Женгиз жаноблари, суҳбатимиз аввалида "Cengiz Holding" компанияси ҳақида сўрамоқчи эдик. Компания концепцияси ва режалари ҳақида маълумот берсангиз. Табийки, энг аввало, барчани Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар қизиқтиради.
– Туркияда ташкил этилган "Cengiz Holding" саноат корхонаси 45 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Бугунги кунда корхонада 43 минг киши ишлайди. Энергетика, кончилик, қурилиш ва хизматлар соҳаларида тобора ўсиб бораётган компаниямиз орқали Туркия иқтисодиётини янада мустаҳкамлаш учун кечаю кундуз ҳаракат қилмоқдамиз. Тадқиқот ва технологияларни ривожлантиришга киритган инвестицияларимиз ёрдамида биз ишлаб чиқаришни одамларга ва атроф-муҳитга, яъни "яшил" иқтисодиётга йўналтиришга кўмак беряпмиз. Бу жараёнда дунёнинг илғор тажрибасига эътибор қаратиб, биз уларни биринчи бўлиб татбиқ этяпмиз. Туркиянинг ягона кобальт моддасини ишлаб чиқарувчиси бўлиб, уни айланма иқтисодиётнинг бир қисми сифатида мис конлари чиқиндиларидан металларга қайта ишлов бериш орқали ишлаб чиқарамиз. Бу усулдаги кобальт моддасини ишлаб чиқариш дунёнинг ҳеч бирида йўқ.
Бундан ташқари, қайта тикланадиган энергия манбаларидан алюминий ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Бу эса "яшил" ишлаб чиқаришга ўтиш бўйича мақсадимизга эришишга янада яқинлаштиради.
Туркияда гидроэлектр ва қуёш энергиясидан биргаликда фойдаланиладиган биринчи гибрид электр станциясини бунёд этдик. Истанбул янги аэропортига салмоқли инвестиция киритдик. Шу кунларда ярим асрлик тажрибамизни хорижга ҳам тарғиб этишга фаол интиляпмиз. Европа, Англия ва туркий давлатларга йирик миқдорда инвестициялар киритдик.
Ўзбекистон бу географияда, айниқса, энергетика соҳасига инвестиция киритиш бўйича бизнинг марказимизга айланди.
Маълумки, Тошкент ва Сирдарёда ҳар бирининг қуввати 240 МВт бўлган иккита электр станциясига инвестиция киритишни якунладик. Айни пайтда Жиззахда ўрнатилган қуввати 550 МВт бўлган учинчи табиий газ электр станциясига инвестиция киритиш давом этмоқда. Ушбу лойиҳа амалга оширилгач, биз Ўзбекистонда 1030 МВт ўрнатилган қувватга эришамиз.
Таъкидлаш керакки, қисқа вақтда, яъни уч йил давомида мамлакатингизнинг муҳим электр энергияси ишлаб чиқарувчисига айландик. "Cengiz Holding" фаолият юритаётган барча ҳудудларда одамларга ва жамиятга фойда келтириш анъаналарига эга. Ўзбекистонда ҳам бу анъанани давом эттиряпмиз. Биз, айниқса, маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлашга катта эътибор қаратамиз. Тошкент ва Сирдарёдаги объектларимизда банд бўлган 193 нафар ходимнинг 108 нафари Ўзбекистон фуқароларидир. Лойиҳани Жиззахда амалга ошириш жараёнида ишчилар сони 600 нафарга кўпаяди. Уларнинг аксарияти ўзбекистонлик дўстларимиз бўлди.
– "Cengiz Holding" компанияси мамлакатимиз билан узоқ йиллик ҳамкорлик тарихига эга. Ўзбекистон-Туркия алоқаларини ҳар томонлама ривожлантириш йўлидаги хизматларингиз юксак баҳоланиб, ўтган йили мамлакатимизнинг юксак давлат мукофотларидан бири – "Дўстлик" ордени билан тақдирландингиз. Ўзбекистондаги келгуси режаларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар хорижлик инвесторларга қандай таъсир кўрсатмоқда? Юртимиздаги инвестициявий муҳит сизга маъқулми?
– Дарҳақиқат, Ўзбекистон билан чуқур алоқаларимиз бор. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари турк ишбилармонлари билан тез-тез учрашади ва ўз мамлакатига инвестиция киритиш учун барча имкониятларни ишга солади. Ўзбекистон раҳбариятининг бизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашини доимо яхши ҳис қиламиз. Бунинг учун Президент Жаноби Олийларига миннатдорлик билдираман. "Дўстлик" ордени билан тақдирланганимиз учун алоҳида ҳурматимизни изҳор этамиз.
Ўзбекистон — биз учун жуда муҳим давлат. Анъаналаримиз, тарихимиз ва тилимиз муштарак бўлган Ўзбекистон энергетика инфратузилмасига инвестиция киритишни қўллаб-қувватлаб, мамлакатнинг энергия таъминоти хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшмоқчимиз. Энергия ишлаб чиқариш маълум бир нуқтага етганда, ўз фаолиятимизни Туркиядаги барча инвестицияларимизнинг диққат марказида бўлган қайта тикланадиган энергия соҳасида кенгайтирмоқчимиз.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Тошкент ва Самарқандни боғлайдиган автомобиль йўли қурилиши лойиҳаси устида ишламоқдамиз. Ушбу лойиҳада иштирок этишдан манфаатдормиз. Қурилиш жабҳасидаги тажрибамизни Ўзбекистон билан бўлишишдан мамнунмиз.
– Ўзбекистон энергетика соҳасининг ривожини қандай баҳолайсиз?
– Келгусида ҳам Ўзбекистоннинг энергетика инфратузилмасини янгилаш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш ва мавжуд ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ниятидамиз. Ўзбекистоннинг энергетика соҳасига янги инвестицияларни жалб этиш режаларимиз бор. Ўзбекистон катта табиий газ захираларига эга. Умумий энергия истеъмолининг қарийб 85 фоизи табиий газ ҳисобига қопланади.
Маълумки, сўнгги пайтларда мамлакатда энергетика тизимига инвестицияларни жалб этиш ишлари тубдан ривожланди. Муҳим энергия етказиб берувчилардан бири сифатида қайта тикланадиган энергия манбаларига ҳам инвестиция киритмоқчимиз. Ўзбекистон каби тилимиз ва маданиятимиз муштарак бўлган қардош мамлакатлар тараққиётига ҳисса қўшиш бундан кейин ҳам устувор вазифамиз бўлиб қолади.
– Юртимизда бир неча бор бўлгансиз. Айтингчи, ислом ва жаҳон тамаддунининг буюк меросига эга Ўзбекистон Сизда қандай таассурот қолдиради? Умуман, мамлакатимизнинг қайси жиҳатлари кўпроқ ёқади?
– Ўзбекистон ўзининг жойлашуви, тарихи, бой маданий қадриятлари ва иқтисодий салоҳияти билан Марказий Осиёдаги энг муҳим давлатлардан бири ҳисобланади. Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларингиз асрлар давомида туркий-ислом цивилизациясининг бешиги бўлиб келган. Меҳмондўст ўзбек халқи эса қудратли давлат тимсолини ифодалайди. Асрлар давомида ўзаро уйғунлашган тарих ва маданиятнинг ажойиб намуналари мамлакатни меъморчилик нуқтаи назаридан бутунлай ўзгача масканга олиб чиққанини эътироф этиш керак. Чиндан ҳам, Ўзбекистон ноёб мамлакат: бой ошхонасидан тортиб, ранг-баранг шаҳарлари ва ҳудудларигача.
Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган Туркиянинг бир фуқароси ва мамлакатингиз имкониятини яқиндан билган тадбиркор сифатида "Cengiz Holding" оиласи номидан самарали ҳамкорлигимиз Ўзбекистоннинг янада ривожланиши, тараққиёти ва гуллаб-яшнашига салмоқли ҳисса қўшишига ишонч билдираман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Германиядан муносабат: Марказий Осиё бугун дунё саҳнасида яхлит ва кучли овозга эга бўлмоқда