“Agenzia Nova”: Тошкент халқаро инвестиция форумининг бош хусусияти унинг амалий аҳамиятга эга эканлигидир
Июнь 14, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 73
РИМ, 14 июнь. /“Дунё” АА/. Италиянинг “Agenzia Nova” етакчи ахборот агентлигида Тошкент халқаро инвестиция форумига бағишланган таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, Тошкент халқаро инвестиция форуми қисқа давр ичида Марказий Осиёнинг иқтисодий ривожланиш истиқболларини муҳокама қилиш ва халқаро инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун энг нуфузли майдонлардан бирига айланишга улгурди.
Мақолада иштирокчилар сонининг барқарор ўсиб бораётгани ва форум географияси кенгаяётгани халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга бўлган қизиқиши тобора ортаётганидан далолат бериши алоҳида таъкидланган. Нашрнинг фикрича, ушбу форум давлат сектори, халқаро молия институтлари ва хусусий бизнес ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг муҳим механизмига айланиб бормоқда.
Бўлажак тадбирнинг нуфузи ва ундаги делегацияларнинг даражаси юқори эканлигига алоҳида эътибор қаратилган. Давлат ва ҳукумат раҳбарлари, йирик халқаро молия ташкилотлари, инвестиция фондлари ҳамда трансмиллий компаниялар вакилларининг иштироки Ўзбекистоннинг жаҳон инвестиция харитасидаги мавқеи мустаҳкамланиб бораётганининг яққол исботи сифатида баҳоланган.
“Agenzia Nova” агентлигининг ёзишича, ТМИФ-2026 анжуманининг бош хусусияти унинг амалий аҳамиятга эга эканлигидадир. Форум нафақат долзарб иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш, балки янги инвестициявий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш ва иқтисодиётнинг стратегик муҳим тармоқларида ўзаро манфаатли битимлар имзолаш каби аниқ натижаларга эришишга қаратилган.
Мақола якунида “Agenzia Nova” Тошкент халқаро инвестиция форуми “Янги Ўзбекистон” стратегияси доирасида мамлакатда кечаётган кенг кўламли янгиланишларнинг намойиши эканлигини қайд этади. Форум республиканинг халқаро шериклар билан очиқ мулоқотга тайёрлигини ҳамда минтақавий ва глобал миқёсда ўзаро манфаатли ҳамкорлик, инвестициялар ва барқарор ривожланиш учун янги имкониятлар яратишга интилаётганини яққол кўрсатиб бермоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси