Бугун Тошкент-Мумбай-Тошкент йўналишидаги ҳаво қатнови йўлга қўйилди
Апрель 02, 2024. 16:22 • 3 дақ
• 2050
МУМБАЙ, 2 апрель. /"Дунё" АА/. Бугун "Uzbekistan Airways" миллий авиакомпанияси томонидан Тошкент ва Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳри ўртасидаги ҳаво қатнови йўлга қўйилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Энди мазкур иккита йирик мегаполис ўртасида "Airbus A320 Neo" ҳаво лайнерларида ҳафтасига икки марта парвозлар амалга оширилади.
Янги халқаро ҳаво кўпригининг барпо этилгани қарийб 120 миллион аҳоли яшайдиган Маҳараштра штати ҳамда унга қўшни ҳудудларнинг тадбиркорлари, академик доиралар вакиллари, маданият ва бошқа соҳалар ходимлари учун икки томонлама алоқаларни яна мустаҳкамлаш учун қулай шароит яратди. Шунингдек, саёҳат ишқибозлари учун туризмнинг янги йўналишлари, жумладан, тоғ-чанғи, зиёрат, экологик турларини ўзлаштириш, никоҳ маросимларини ўтказиш, кино ижодкорлари томонидан фильмлар суратга олишда янги локациялар кашф қилиш учун кенг имкониятлар тақдим этмоқда.
– Биз "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси билан 20 йилдан кўпроқ вақт давомида самарали ҳамкорлик қилиб келамиз, - дейди "Aero World Travels" компанияси раҳбари Ажай Арья. – Янги йўналишдаги парвозларни йўлга қўйиш арафасида тизимли тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон туризм салоҳияти, янги ҳаво йўналишининг қулайлик ва афзалликлари, миллий авиаташувчи томонидан кўрсатилаётган хизмат турларининг юқори сифатига бағишланган тақдимот тадбирлари уюштирилди, Маҳараштра штатининг етакчи туристик агентликлари билан музокаралар ўтказилди. Ушбу тадбирларда Ҳиндистон аҳолисининг Ўзбекистонга қизиқиши катта экани, ўзаро муносабатлар улкан истиқболга эга экани яна бир бор намоён бўлди.
Тизимли тарзда амалга оширилган тарғибот тадбирлари натижасида янги йўналишдаги ҳаво қатновларига чипталар катта қизиқиш билан сотиб олинаётганини кузатиш мумкин эди. Хусусан, Мумбайдан Ўзбекистон пойтахти томон йўл олган биринчи рейс 70 фоиздан кўпроқ миқдорда тўлдирилди.
– Бизга Ўзбекистон авиакомпанияси томонидан кўрсатилаётган хизмат сифати маъқул келди, - дейди Мумбай-Тошкент ҳаво қатновининг биринчи йўловчиси Марвин Треҳан. – Янги йўналиш муваффақиятли ва оммабоп бўлишига ишончим комил.
– Биз беш нафар хотин-қизлардан иборат гуруҳимиз ўзбек шаҳарларига сафарга кетаяпмиз, - дейди Фарида Аброр. – Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарлари, Фарғона водийсида бўламиз. Бу саёҳатимизни орзиқиб кутдик ва уни бугун амалга ошаётганидан хурсандмиз.
Янги ҳаво қатновининг очилиши муносабати билан ташкил этилган маросимда Маҳараштра штатида фаолият юритадиган етакчи туристик ташкилот ва агентликлар раҳбарлари ҳамда мутахассислари, йирик оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев мамлакатимизда сўнгги йилларда туризм соҳасини изчил ривожлантириш, соҳа инфратузилмасини такомиллаштириш, ушбу йўналишдаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва хорижлик сармоядорлар фаолияти учун жозибадор муҳит барпо этиш борасида амалга оширилаётган тизимли саъй-ҳаракатлар ҳақида сўзлаб берди.
Тадбирда "Uzbekistan Airways" авиакомпаниясининг хорижий давлатлар, жумладан, Ҳиндистонга парвоз географияси кенгайиб бораётгани, Мумбайга авиақатновлар қайта йўлга қўйилгач ҳинд шаҳарларига парвозлар сони ҳафтасига тўққиз мартага етгани қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини Ҳиндистоннинг йирик шаҳарларида кенг тарғиб қилиш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда. Ушбу йўналишда амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида туристик оқим изчил фаоллашмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари