Қоҳирада Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланди
Октябрь 28, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 116ҚОҲИРА, 28 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Мисрдаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган байрам тадбири ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Қоҳирада ўтказилган тадбирда Миср олий таълим ва илмий тадқиқотлар вазири Абдулазиз Консова, хорижий дипломатик корпус вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари иштирок этди.
Байрам тадбирда Ўзбекистон элчиси Мансурбек Қиличев юртимизда сўнгги йилларда юз бераётган ўзгаришлар, давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги муштарак тарихий-маданий мерос, икки давлат раҳбарларининг ўзаро ишончга асосланган мулоқоти сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Миср олий таълим ва илмий тадқиқотлар вазири Абдулазиз Консова Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан халқимизни самимий табриклади. У икки мамлакат ўртасидаги тарихий, илмий ва маданий алоқалар ҳамда олий даражадаги мулоқот туфайли ҳамкорлик изчил ривожланаётганини алоҳида қайд этди.
Учрашув давомида олий таълим ва илм-фан соҳаларида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини кенгайтириш, қўшма таълим ва тадқиқот дастурларини йўлга қўйиш, маданият, туризм, савдо ва инвестиция йўналишларидаги имкониятлардан кенг фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбир давомида мамлакатимиз мустақиллигига бағишланган видеоролик намойиш қилинди, санъат усталари ижросида миллий рақслар, куй-қўшиқлар ижро этилди ҳамда иштирокчиларга ўзбек миллий таомлари тортилди.
Мазкур тантанали маросим Мисрда Ўзбекистон маданияти ва қадриятларини тарғиб қилиш, тегишли ташкилотлар ва хусусий сектор ўртасидаги шериклик алоқаларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




