Ўзбекистон дипломатлари Хитойнинг Санья шаҳридаги ватандошлар билан очиқ мулоқот ўтказди

Июнь 16, 2026. 11:00 • 2 дақ

74
Ўзбекистон дипломатлари Хитойнинг Санья шаҳридаги ватандошлар билан очиқ мулоқот ўтказди
Ўзбекистон дипломатлари Хитойнинг Санья шаҳридаги ватандошлар билан очиқ мулоқот ўтказди

САНЬЯ, 16 июнь. /“Дунё” АА/. Юртимизнинг Гуанчжоу шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари Санья шаҳрида истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари билан қатор учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган даврда жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган Ўзбекистон фуқароси билан консуллик учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув давомида фуқароларни сақлаш шароитлари, соғлиғи, жисмоний ва руҳий ҳолати, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг таъминланиши масалалари ўрганилди.

Бундан ташқари, ҳудудда таҳсил олаётган ва меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбир давомида Хитойнинг миграция ва меҳнат қонунчилиги талабларига, амалдаги ички қоида ва меъёрларга қатъий риоя қилиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув иштирокчиларига Хитойда иш визасини расмийлаштириш тартиби, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органлари ҳужжатларини олиш, биометрик паспорт, нотариал хизмат кўрсатиш масалалари бўйича маълумотлар тақдим этилди.

Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Consular Services” мобил иловасининг афзалликлари тушунтирилиб, фуқаролар унинг имкониятларидан фаол фойдаланишга чақирилди.

Ўз навбатида, ватандошлар Бош консулхона томонидан ташкил этилаётган бундай учрашувлар уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича зарур маслаҳатлар олишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш