Ўзбекистон – Қирғизистон: минтақа тинчлиги, барқарорлиги ва равнақи йўлидаги стратегик шериклик

Июль 30, 2026. 08:10 • 5 дақ

322
Ўзбекистон – Қирғизистон: минтақа тинчлиги, барқарорлиги ва равнақи йўлидаги стратегик шериклик

БИШКЕК, 30 июль. /“Дунё” АА/. 30 июль – 1 август кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Қирғизистонга боради ҳамда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашувида иштирок этади, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Бугунги кунда Ўзбекистон–Қирғизистон муносабатлари сиёсий ишончнинг юксак даражаси, давлатлараро мулоқотнинг фаоллиги ҳамда барча устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликнинг изчил кенгайиб бораётгани билан тавсифланади. Икки мамлакат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли ўзаро муносабатлар яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва умумий манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган мутлақо янги сифат босқичига кўтарилди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида дипломатик муносабатлар 1993 йил 16 февраль куни ўрнатилган. Ўтган йиллар давомида мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий база шакллантирилди ҳамда икки томонлама ҳамкорликнинг самарали тизими яратилди.

Ўзбекистон–Қирғизистон алоқаларининг янги босқичи 2017 йилда ўзаро ташрифларнинг фаоллашуви билан бошланди. 2023 йил январь ойида эса Ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги декларация имзоланди.

Парламентлараро ҳамкорлик 2017 йилда имзоланган Парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум асосида амалга оширилмоқда. 2020 йилдан буён Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Қирғизистон Жогорку Кенеши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича Парламентлараро комиссия фаолият юритиб келмоқда. 2026 йил май ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон Ёш парламент аъзоларининг биринчи форуми бўлиб ўтди.

Иқтисодий ҳамкорлик Ўзбекистон–Қирғизистон стратегик шериклигининг энг жадал ривожланаётган йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. 2025 йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 37 фоизга ошди. 2026 йилнинг январь–июнь ойларида ўзаро савдо ҳажми 624,6 миллион долларга етиб, 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 45 фоизга кўпайди.

Ўзбекистоннинг Қирғизистонга экспорти таркибига тайёр саноат товарлари, озиқ-овқат, кимё саноати маҳсулотлари, машина ва ускуналар киради. Қирғизистондан импорт таркиби эса минерал ёқилғи, озиқ-овқат ва саноат маҳсулотлари, транспорт ускуналарини ўз ичига олади.

2018 йилда Ўзбекистон-Қирғизистон ишбилармонлик кенгаши ташкил этилган. Унинг фаолияти ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, қўшма инвестиция ташаббусларини амалга ошириш ва иқтисодий ҳамкорликнинг янги йўналишларини излашга хизмат қилади.

Транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон–Қирғизистон муносабатлари кун тартибининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожлантирилмоқда, транспорт инфратузилмаси такомиллаштирилмоқда ҳамда чегара орқали юк ташиш жараёнларини соддалаштиришга қаратилган замонавий рақамли ечимлар жорий этилмоқда.

2026 йилнинг январь–июнь ойларида икки давлат ўртасидаги юк ташиш ҳажми 32 фоизга ошди. Жорий йилдан бошлаб рухсатнома ҳужжатларини электрон тарзда алмашишга мўлжалланган “E-Permit” тизими жорий этилди.

Йўловчи ташиш соҳасидаги алоқалар ҳам изчил кенгайиб бормоқда. Икки мамлакат шаҳарлари ўртасида мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилган. Шунингдек, Тошкент–Бишкек ва Тошкент–Ўш йўналишлари бўйича доимий авиақатновлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Минтақавий ўзаро боғлиқликни янада чуқурлаштиришда Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон халқаро темир йўлининг қурилиши бошлангани муҳим аҳамият касб этади. Ушбу йирик инфратузилма лойиҳасининг амалга оширилиши Шарқий Осиё, Яқин Шарқ мамлакатлари ва Жанубий Европа ўртасида юкларни етказиб бериш муддатларини сезиларли даражада қисқартиради. Бу Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятини юксалтириш ҳамда савдо, инвестициялар ва халқаро логистика соҳасини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик Ўзбекистон–Қирғизистон муносабатларида алоҳида ўрин тутади. Икки халқнинг бой маданий меросини кенг тарғиб этишга қаратилган маданият кунлари, қўшма концертлар, театр саҳна асарлари, фестиваллар, кўргазмалар ва бошқа тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Қирғизистон вакиллари Ўзбекистонда ташкил этиладиган йирик халқаро маданий форумлар ва фестивалларда, жумладан, Халқаро мақом санъати фестивали, “Лазги” халқаро рақс фестивали ҳамда бошқа нуфузли тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда.

2026 йил 27–28 июль кунлари Чўлпонота шаҳрида Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков бошчилигидаги нуфузли ижодий делегация иштирок этди.

Туризм соҳасидаги ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланмоқда. Қирғизистон Ўзбекистонга энг кўп сайёҳлар етказиб берувчи давлатлар қаторига киради. Ўзаро сафарлар сонининг йил сайин ортиб бораётгани икки мамлакат фуқароларининг бир-бирининг маданий ва туристик салоҳиятига бўлган қизиқиши тобора кучайиб бораётганидан далолат беради.

Ўзбекистон ва Қирғизистон иштирок этаётган минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим босқич бўладиган навбатдаги тадбир Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашуви ҳисобланади.

Учрашувнинг мазкур форматда ўтказилиши Марказий Осиёнинг ишонч ва яхши қўшничилик макони сифатидаги роли тобора ортиб бораётганини кўрсатади. Шунингдек, ушбу нуфузли тадбир минтақа давлатларининг ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш ва конструктив мулоқотни биргаликда илгари суришга бўлган интилишини акс эттиради.

Саммит арафасида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев IV Шуша глобал медиа форумида сўзлаган нутқида Ўзбекистон билан муносабатларнинг устувор аҳамиятини алоҳида таъкидлади ҳамда Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Озарбайжон – Марказий Осиё” ҳамкорликнинг янги формати ривожига қўшган ҳиссасини қайд этди.

Озарбайжон раҳбарининг сўзларига кўра, айнан Ўзбекистон етакчисининг узоқни кўра билиши ва стратегик ёндашуви бу механизмнинг шаклланишида муҳим роль ўйнаган. Бугунги кунда мазкур формат Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ҳудудларида сиёсий, иқтисодий ва транспорт соҳаларидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Шу муносабат билан, Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги учрашув минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга янги суръат бағишлаши ҳамда давлатларнинг тинчлик, яхши қўшничилик ва биргаликдаги фаровонлик йўлидаги умумий мақсадларга содиқлигини тасдиқлаши кутилмоқда.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш