Ўзбекистон–Сербия: ўзаро ишонч мустаҳкамланиб, стратегик шериклик ўрнатилмоқда
Сентябрь 08, 2026. 08:10 • 6 дақ
• 85
ТОШКЕНТ, 8 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 7–8 сентябрь кунлари расмий ташриф билан Сербияда бўлиб турибди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб, сиёсий мулоқот, парламентлараро алоқалар, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва гуманитар соҳаларни қамраб олган кўп қиррали шерикликка айланиб бормоқда.
Икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг муҳим хусусияти шундаки, томонларнинг ўзаро ҳурматга асосланган ёндашуви ҳамда халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорлик қилишга интилиши икки томонлама мулоқот учун мустаҳкам сиёсий замин яратмоқда.
Сербия Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 31 декабрь куни тан олган. Дипломатик муносабатлар эса 1995 йил 18 январь куни ўрнатилган. Шу тариқа, икки мамлакат ўртасидаги расмий алоқаларга 30 йилдан ошди. Дастлабки босқичда ҳамкорлик нисбатан чекланган бўлган бўлса-да, кейинги даврда, айниқса, 2025–2026 йилларда икки томонлама муносабатларда сезиларли ютуқлар кузатилмоқда.
Ўзбекистон–Сербия ҳамкорлигининг энг муҳим йўналишларидан бири юқори даражадаги сиёсий мулоқотнинг фаоллашувидир. Бунда томонларнинг суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва миллий манфаатларга ҳурмат тамойилларига асосланган ўзаро ёндашувлари муҳим аҳамият касб этади.
Икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот янги суръат касб этмоқда. 2025 йил 3 сентябрь куни Пекин шаҳрида Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантанали маросим доирасида Ўзбекистон ва Сербия Президентлари ўртасида мулоқот бўлиб ўтди. Бу учрашувдан сўнг икки давлат раҳбарларининг ўзаро алоқалари янада юқори босқичга кўтарилди.
2025 йил 28–30 октябрь кунлари Сербия Президенти Александр Вучичнинг Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида муҳим воқеа бўлди. Ташриф Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги сиёсий мулоқотни институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар очди.
Ташриф доирасида Тошкент ва Белград шаҳарлари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида келишув имзолангани икки томонлама муносабатларнинг ҳудудлараро даражада ҳам ривожланаётганидан далолат беради.
Сербия Ўзбекистон билан дипломатик алоқаларни кенгайтиришга интилмоқда. Жумладан, 2025 йил 27 октябрь куни Сербиянинг Ўзбекистондаги (қароргоҳи Москва шаҳрида жойлашган) элчиси Милош Бабич Ўзбекистон ташқи ишлар вазирига ишонч ёрлиқларини топширди. Шунингдек, мамлакат ҳукумати Ўзбекистонда ўз элчихонасини очиш ҳақида қарор қабул қилди.
2022 йил БМТ Бош Ассамблеяси сессияси доирасида икки давлат ташқи ишлар вазирлари сиёсий консультациялар ва идоралараро ҳамкорлик тўғрисида протокол имзолади. Мазкур ҳужжат маданий-гуманитар мулоқотни ривожлантириш учун ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
2026 йил апрель ойида Анталия дипломатик форуми доирасида бўлиб ўтган ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги музокаралари ва 5–7 май кунлари Сербия ташқи ишлар вазири Марко Журичнинг Ўзбекистонга ташрифи сиёсий мулоқотнинг мунтазам тус олганини кўрсатди.
2026 йил август ойида Тошкентда Ўзбекистон ва Сербия ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги босқичи ўтказилди.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон–Сербия муносабатларида сиёсий маслаҳатлашувлар механизмининг мавжудлиги ва унинг мунтазам ишлаётгани икки давлат ўртасидаги ташқи сиёсий ҳамкорликни тизимли равишда ривожлантириш имконини беради.
Ўзаро муносабатларда парламентлараро дипломатиянинг аҳамияти ортиб бормоқда. Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарида Сербия Халқ Скупшинаси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ ташкил этилгани ушбу йўналишдаги муҳим қадамдир.
2026 йил июнь ойида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг Белград шаҳрига сафари қонун чиқарувчи органлар ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантирди. 2026 йил июнь ойида Сербия Халқ Скупшинасидаги “Сербия–Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи делегациясининг юртимизга ташрифи парламентлараро мулоқотнинг амалий мазмун касб этаётганини кўрсатди.
Парламентлараро ҳамкорликнинг фаоллашуви сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, қонунчилик соҳасида тажриба алмашиш ва эришилган келишувларнинг ҳуқуқий базасини кенгайтириш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳозирда камтарона кўрсаткичларга эга бўлса-да, бу соҳада катта истиқболлар мавжуд эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки айнан Ўзбекистон Сербия орқали Болқон минтақасидаги бошқа давлатлар, хусусан, Хорватия, Албания, Шимолий Македония, Черногория ҳамда Словения билан ҳам савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириб бориш имконига эга.
Ўзбекистон экспорти асосан рангли металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар, мато, ип-калава ҳамда хизматлардан иборат бўлса, Сербиядан импорт таркибида тош, керамика ва гипсдан тайёрланган маҳсулотлар, мебель, хизматлар ва бошқа товарлар устунлик қилади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда серб инвесторлари иштирокида 9 та корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 4 таси қўшма корхона, 5 таси хорижий инвестиция иштирокидаги корхона ҳисобланади. Бу кўрсаткич мавжуд имкониятларга нисбатан жуда паст бўлиб, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш учун катта захира мавжудлигини кўрсатади.
Ўзбекистон ва Сербия ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорлик ҳам фаоллашмоқда. 2026 йил февраль ойида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбариятининг Сербияга ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг молия, қурилиш, транспорт ва инфратузилма вазирликлари, “Serbian Railways Infrastructure” ҳамда “Air Serbia” раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди.
Муносабатларнинг яна бир истиқболли йўналиши маданий-гуманитар ҳамкорликдир. Мазкур соҳадаги алоқалар икки халқ ўртасида ўзаро англашув ва ижтимоий-гуманитар мулоқотни кучайтиришга хизмат қилади.
Давлатлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар тобора янги мазмун касб этмоқда. 2025 йил 28 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия Президенти Александр Вучич ўртасида бўлиб ўтган музокараларда таълим, илм-фан ва маданият соҳаларида ҳамкорликка оид муҳим ҳужжатлар имзоланди.
Бу борада Ўзбекистон маданиятини Сербияда кенг тарғиб қилиш, серб маданияти ва санъатини мамлакатимизда намойиш этиш муҳим аҳамиятга эга. Маданият кунлари, кўргазмалар, концертлар, кино намойишлари, театр гастроллари, ижодий учрашувлар ва маҳорат дарслари икки халқнинг бир-бирини яқиндан англаши учун самарали майдон бўла олади.
Кинематография соҳасидаги ҳамкорлик истиқболли йўналишлардан биридир. Икки давлат ижодкорлари ҳамкорликда “Ал-Хоразмийдан Теслагача” қўшма кино лойиҳасини амалга ошираётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ал-Хоразмий ва Никола Тесла каби буюк аллома ва ихтирочилар ҳаёти ва илмий меросини бирлаштирган ушбу лойиҳа икки халқнинг илм-фан ва цивилизация тараққиётига қўшган ҳиссасини кенг намоён этиш имконини беради.
Ўзбекистон–Сербия муносабатларининг бугунги ҳолатига баҳо берганда, энг аввало, сўнгги йилларда икки томонлама сиёсий мулоқотнинг сезиларли даражада фаоллашганини қайд этиш лозим. Давлат раҳбарлари даражасидаги мулоқот, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги музокаралар, парламентлараро алоқалар ва дипломатик ваколатхоналар фаолиятининг кучайиши ўзаро сиёсий ишонч мустаҳкамланаётганини кўрсатмоқда.
Умуман олганда, Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат, сиёсий ишонч ва умумий манфаатларга асосланган ҳолда янги босқичга кўтарилмоқда. Эндиги вазифа мавжуд сиёсий капитални иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳалардаги амалий натижаларга трансформация қилишдан иборат.
Ўзбекистон–Сербия муносабатлари нафақат икки томонлама алоқаларни, балки Марказий Осиё ва Жануби-Шарқий Европа ўртасидаги иқтисодий ва дипломатик ҳамкорликни кенгайтириш учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати архивидан олинган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси