Logo

Ўзбекистон-Словения: 30 йиллик шериклик ва ҳамкорликнинг янги уфқлари

Май 21, 2025. 06:54 • 5 дақ

183
Ўзбекистон-Словения: 30 йиллик шериклик ва ҳамкорликнинг янги уфқлари

ТОШКЕНТ, 21 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 21-22 май кунлари расмий ташриф билан Словенияда бўлади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ушбу ташриф Ўзбекистон-Словения дипломатик муносабатлари ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланадиган йилда амалга ошиши рамзий маънога эга. 1995 йил 16 январдан бошлаб икки томонлама ҳамкорлик барқарор динамикани намоён этиб, сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларни қамраб олган ҳолда изчил ривожланиб бормоқда.


Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон ва Словения ўртасидаги сиёсий ҳамкорлик ўзаро ҳурмат ва конструктив мулоқот руҳида янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш учун салмоқли салоҳиятга эга. Ҳар икки давлат ташқи сиёсий ва иқтисодий алоқаларини диверсификация қилишга интилиб, ўзаро манфаатли алмашинув ва икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган умумий тил топмоқда. Словения Европа Иттифоқи аъзоси сифатида Ўзбекистон учун ЕИ билан муносабатларни чуқурлаштириш истагида муҳим ҳамкор ҳисобланади.


Кейинги йилларда парламентлараро алоқалар, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик фаоллашди. Хусусан, Любляна БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган "Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисидаги "ги (2022 йил) ва "Деградацияга учраган ва қурғоқ ҳудудларда барқарор ўрмонзорларни барпо этиш, дарахт экиш ва уларни тарғиб қилиш – экологик муаммоларга қарши курашнинг самарали ечими" (2024 йил) резолюцияларини қўллаб-қувватлади ва уларнинг ҳаммуаллифи бўлди.


2025-2027 йиллар учун БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ЭКОСОС) аъзолиги учун сайловда Словения ҳам Ўзбекистонга овоз берди. Бундан ташқари, томонлар 2025-2028 йилларга мўлжалланган Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита (Ўзбекистон) ва 2026-2028 йилларга мўлжалланган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзолигига (Словения) бир-бирининг номзодини ўзаро қўллаб-қувватлади.


ЮНЕСКО доирасида Ўзбекистон 2017 йилда Словениянинг Халқаро гидрология дастурининг Ҳукуматлараро кенгаши ва Халқаро таълим бюроси кенгашига иккинчи сайлов гуруҳи даражасидаги номзодини ёқлади.


Икки давлат ташқи сиёсат идоралари ўртасида ҳам конструктив мулоқот изчил ривож топаяпти. Жумладан, 2024 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида Словения Ташқи ишлар ва Европа масалалари вазирлиги давлат котиби Марко Штуцин иштирокида сиёсий маслаҳатлашувларнинг учинчи давраси бўлиб ўтди. Томонлар ўзларининг дипломатик иштирокларини кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар ва маслаҳатлашувларнинг навбатдаги даврасини 2025 йилда Люблянада ўтказишга келишиб олдилар.


Турли даражадаги мунтазам учрашув ва маслаҳатлашувлар, жумладан, расмий делегацияларнинг ташрифлари ҳамда элчилар алмашинуви халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан бир-бирларининг позицияларини яхшироқ тушунишга хизмат қилмоқда.


Икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ижобий динамика билан ажралиб турибди. Словения Европа Иттифоқи аъзоси сифатида ЕИ билан савдо ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш нуқтаи назаридан Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга. Словения билан ҳамкорликни ривожлантириш инвестицияларни жалб қилиш, илғор технологияларни жорий этиш ва экспорт бозорларини кенгайтириш учун қўшимча имкониятларни очади.


Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 40 фоизга ошган 2022 йилдан буён ушбу кўрсатгич изчил ўсиб бормоқда. Бунга Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқининг "GSP+" умумий имтиёзлар тизимининг бенефициари мақомини олиши ҳам қулайлик яратмоқда. 2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Словения ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилга нисбатан 60,3 фоизга кўпайди. 2025 йилнинг биринчи чораги статистикаси, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан  ўзаро товар айирбошлаш ҳажми яна 47,8 фоизга ошганини кўрсатмоқда. Эътиборлиси, Ўзбекистондан экспорт 20 баробардан зиёдга ортгани, Словениядан импорт эса 10 фоизга қисқаргани ўзбек маҳсулотларининг Европа бозорида рақобатбардошлиги ошиб бораётганидан далолат беради.


Ўзбекистон Словенияга асосан хомашё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилади. Словения эса юқори технологияли ускуналар, фармацевтика, автомобиль бутловчи қисмлари ва бошқа саноат товарларини етказиб беради. Айниқса, ишлаб чиқариш саноати ва ахборот технологиялари соҳасида товар ва хизматлар турларини кенгайтириш учун салмоқли салоҳият мавжуд.


2023 йил февраль ойида Тошкентда Ўзбекистон-Словения бизнес-форуми бўлиб ўтди ва унинг доирасида Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Автомобилсозлик, гидротурбиналар, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, агросаноат мажмуасини яратиш, шунингдек, Словениянинг "Mercator Group" савдо тармоғининг Ўзбекистонда филиалини очиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.


Ўзаро инвестициявий шерикликдан томонларнинг манфаатдорлиги ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим омили ҳисобланади. Иқтисодий ислоҳотларни фаол амалга ошираётган Ўзбекистон Словения компанияларига турли тармоқлар, жумладан, тўқимачилик, қурилиш, фармацевтика ва туризм саноатига инвестиция киритиш учун қулай шарт-шароитларни таклиф қилмоқда. Словения компаниялари, ўз навбатида, Ўзбекистонга инновациялар ва юқори технологияларни таклиф этиши мумкин. Бугунги кунда Ўзбекистонда Словения инвестицияси иштирокидаги учта корхона фаолият кўрсатяпти. Улардан биттаси қўшма ва иккитаси эса 100 фоиз хорижий капитал иштирокидаги корхонадир.


Энергетика, логистика, туризм каби жабҳаларда ҳам қўшма лойиҳалар амалга ошириляпти. Бетакрор табиати ва ривожланган сайёҳлик инфратузилмаси билан машҳур Словения ўзбекистонлик сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари ва бой тарихи словениялик сайёҳларни тобора кўпроқ ўзига жалб қилаётир. Туристик алмашинувларнинг ривожланиши шахслараро алоқаларнинг чуқурлашишига ёрдам беради.


Олий даражадаги Ўзбекистон-Словения саммити арафасида Ўзбекистон ишбилармон доиралари делегациясининг Люблянада ўтказган музокаралари чоғида тўқимачилик ва мева-сабзавот маҳсулотлари, минерал ўғитлар, пластмасса, рангли металлар, қурилиш материаллари, фармацевтика маҳсулотлари, саноат ускуналари ва бошқа тайёр маҳсулотлар номенклатураси ва етказиб бериш ҳажмларини кенгайтириш ҳисобига ўзаро товар айирбошлашни 500 миллион долларгача ошириш бўйича бир қатор аниқ келишувларга эришди.


Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги ва Словениянинг Европадаги жуғрофий жойлашуви икки минтақани боғловчи транспорт йўлакларини ривожлантиришда самарали ҳамкорлик қилиш учун имкониятлар яратади. Шу боис икки давлат ҳам транспорт-логистика йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, икки давлат пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишдан манфаатдор.


Икки томонлама муносабатларда маданий-гуманитар  ришталар муҳим ўрин тутади. Мазкур жабҳадаги яқин ҳамкорлик халқлар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик ва дўстликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда.


Маданий алмашинув доирасида икки мамлакат маданий меросини оммалаштиришга  хизмат қиладиган кўргазмалар, концертлар ва фестиваллар каби турли маданий тадбирлар  мунтазам ўтказилаётир.


2024 йил ноябрь ойида Тошкентда Словения Ташқи ва Европа масалалари вазирлиги давлат котиби билан учрашув бўлиб ўтди, унда илмий ва таълим лойиҳалари, академик алмашинувлар ва қўшма таълим дастурларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.


Таҳлиллар ҳар икки давлатнинг таълим соҳасидаги ҳамкорликка қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатди. Шунинг учун бу соҳани ривожлантириш ўзаро манфаатли ва самарали бўлади.


Таъкидлаш жоизки, дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланадиган йилда Ўзбекистон ва Словения ўзаро ҳурмат ҳамда умумий манфаатларга асосланган ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истагини намоён этмоқда.


Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президентининг Словенияга бўлажак ташрифининг тиғиз кун тартиби, олий даражадаги режалаштирилган учрашув ва музокаралар икки томонлама муносабатларнинг янги уфқларини очиб, уларга жадал тус бериши, шубҳасиз.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш