Хитой инвесторлари Ўзбекистонда қурилиш ва тўқимачилик лойиҳаларини амалга оширмоқчи
Май 31, 2026. 11:11 • 2 дақ
• 39ЦЗЯСИН, 31 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Шанхайдаги Бош консулхонаси дипломатлари Хитойнинг Цзясин шаҳрида (Чжэцзян провинцияси) “Zicheng United Construction Group Co., Ltd.” ва “Jiaxing Houbang Import and Export Co., Ltd.” компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказдилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувлар чоғида хитойлик шерикларга мамлакатимизда хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай инвестиция муҳити, кенг қамровли имтиёзлар пакети ҳамда инфратузилмавий афзалликлар тақдимот қилинди.
Музокаралар якунида, Ўзбекистондаги жадал урбанизация жараёнларини инобатга олиб, Хитойнинг йирик муҳандислик-қурилиш гуруҳи (“Zicheng United”) раҳбари Жианг Гуохуа юртимизда ўз филиалини очишга қизиқиш билдирди ва жорий йилнинг июнь-июль ойларида Ўзбекистонга ташриф буюришга келишилди.
Ўз навбатида, халқаро тўқимачилик ва тайёр тикувчилик савдосига ихтисослашган “Jiaxing Houbang” компанияси раҳбари Сюй Вэй ҳам юртимизда енгил саноат соҳасидаги ислоҳотларни юқори баҳолаб, Ўзбекистонда йирик тўқимачилик корхонасини қуриш масаласини кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилди. Унинг ҳам жорий йил давомида мамлакатимизга амалий ташрифини ташкил этишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси






