Ўзбекистон ва Миср сув ресурслари соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда

Сентябрь 10, 2026. 10:30 • 2 дақ

83
Ўзбекистон ва Миср сув ресурслари соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда

ҚОҲИРА, 10 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Мансурбек Қиличев Миср сув ресурслари ва суғориш вазири Ҳани Севилам билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда Ўзбекистон ҳукумати делегацияси, шунингдек, ўнлаб фермер ва тадбиркорларнинг 14-20 сентябрь кунлари Мисрга ташрифига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.

Вазир, шунингдек, икки томонлама музокаралар ўтказиш ва Мисрнинг сув ресурсларини бошқариш тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, у Ўзбекистоннинг сув хавфсизлигини таъминлаш борасидаги тажрибасини ўрганишга қизиқиш билдирди.

Шунингдек ўқинг

Ҳани Севилам 2009 йилда икки мамлакат сув хўжалиги идоралари ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандумига амалий тус бериш зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, шу кунгача ҳамкорлик асосан халқаро форумлар доирасида чекланиб қолган эди.

Миср томони “Ирригация 2.0” концепцияси доирасида сув хўжалигини рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларни, жумладан, фермерларнинг имкониятларини инобатга олган ҳолда суғоришни турли даражада автоматлаштиришни кўзда тутувчи “Smart Irrigation” лойиҳасини ва сув ресурсларини бошқаришда сунъий интеллектдан фойдаланиш тажрибасини тақдим этди.

Учрашув якунида вазир Ўзбекистон делегациясининг бўлажак ташрифини юқори даражада ташкил этиш учун зарур амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш