Анқарадан муносабат: Ўзбекистон–Қирғизистон ҳамкорлиги Марказий Осиёнинг янги тараққиёт моделига хизмат қилмоқда
Август 01, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 41
АНҚАРА, 1 август. /“Дунё” АА/. Туркия Стратегик тадқиқотлар ва ривожланиш маркази бошқарув раиси Юнус Эмре Канат “Дунё” ААга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи Марказий Осиё минтақавий ҳамкорликнинг янги моделига босқичма-босқич ўтаётганининг навбатдаги ифодаси бўлди. Агар бир неча йил аввал минтақа давлатлари асосан тўпланиб қолган масалаларни ҳал этишга эътибор қаратган бўлса, бугунги кунда қўшма инфратузилма лойиҳалари, транспорт алоқаларининг ўзаро боғлиқлиги, энергетика ва саноат кооперациясига янада кўпроқ аҳамият берилмоқда.
Ташрифнинг асосий тадбирлари сўнгги йилларда бутун минтақанинг узоқ муддатли истиқболини белгиловчи масалаларни муҳокама қилиш майдончасига айланиб бораётган Чўлпонотада ўтказилаётгани бежиз эмас. Музокаралар якунлари бўйича имзоланган ҳужжатлар Тошкент ва Бишкек ўртасидаги ҳамкорлик тобора тизимли тус олаётганидан далолат беради.
“Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли лойиҳаси шериклик алоқаларини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу йўналиш нафақат уч мамлакатнинг савдо имкониятларини кенгайтиришга, балки Марказий Осиёнинг логистик қиёфасини ўзгартириб, унинг Евроосиё транспорт йўлакларидаги ролини кучайтиришга ҳам қодир. Шу билан бирга, энергетика, саноат, чегараолди савдоси ва ҳудудлараро алоқалар соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам ривожланмоқда. Бу эса узоқ муддатли иқтисодий ўсиш учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Туркия нуқтаи назаридан, айнан Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсати Марказий Осиёнинг ички динамикасини ўзгартирган муҳим омиллардан бири бўлди. Очиқ мулоқот, ишончни мустаҳкамлаш ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш сиёсати туфайли минтақа ўтмиш муаммоларини муҳокама қилишдан аста-секин унинг келажагини белгилайдиган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ўтмоқда. Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари рақобатчи сифатида эмас, балки ўзаро боғлиқликни ошириш ва биргаликда тараққий этишдан манфаатдор ҳамкорлар сифатида майдонга чиқмоқда.
Туркия учун бундай ўзгариш стратегик аҳамиятга эга. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши Ўрта йўлакни ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва туркий дунё доирасида қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун қўшимча имкониятлар яратади. Шу боис, ушбу давлат ташрифини нафақат икки томонлама муносабатларнинг муҳим босқичи, балки янада барқарор ва ўзаро боғланган Марказий Осиёни шакллантириш йўлидаги яна бир салмоқли қадам сифатида кўриш лозим.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси