Хитойдан табриклар: Бугун Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни изчил ривожлантирмоқда

Август 21, 2026. 17:00 • 3 дақ

115
Хитойдан табриклар: Бугун Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни изчил ривожлантирмоқда

ПЕКИН, 21 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Хитойда яшаётган ватандошлар “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзларининг самимий табриклари ва эзгу тилакларини йўллади.

Жамшид Сулаймонов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Хитойдаги вакили:

– Бу йил мустақиллигимизнинг 35 йиллигини кенг нишонлаймиз. Ушбу қутлуғ байрам билан барча юртдошларимизни чин кўнгилдан қутлайман.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз барча соҳада улкан ютуқларга эришди. Хусусан, охирги 10 йил ичида Президентимиз бошчилигида юртимизда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди.

Ушбу ислоҳотларнинг натижасини юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигининг ошишида кўряпмиз.

Мамлакатимизга хорижий инвестициялар ҳажми тобора ошиб бормоқда, “яшил” энергетика ривожланмоқда, кўплаб янги ва замонавий завод ва фабрикалар барпо этилмоқда.

Ҳозирда Ўзбекистон дунёнинг барча давлатлари билан савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни ривожлантирмоқда.

Ўзбекистоннинг Хитой билан ҳамкорлик алоқалари барча соҳаларни қамраб олган. Товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми бўйича Хитой юртимизнинг асосий ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда.

Икки давлат ўртасида сунъий интеллект, космонавтика, технологиялар, “яшил” энергетика ва бошқа йўналишлардаги алоқалар ривожланиб бормоқда. Яқинда Хитойнинг космик агентлиги билан ҳамкорликда “Самарқанд 2028” сунъий йўлдошининг коинотга учирилиши ҳам бунга яққол мисолдир.

Давлатимиз томонидан ёшларга ва спортни ривожлантиришга бўлган эътибор натижасида юртимиздан янги чемпионлар етишиб чиқяпти. Бокс, шахмат, футбол ва спортнинг бошқа йўналишларида юқори натижаларга эришдик. Ўзбекистон байроғининг дунё миқёсида баланд ҳилпираши бизга фахр ва ғурур туйғусини ҳис қилиш имконини бермоқда.

Ватанимизнинг 35 йиллик мустақиллик байрами арафасида “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирландим. Бу мен учун жуда катта ғурур ва масъулиятдир.

Албатта, бундай эътибор менга янада кўпроқ ғайрат ва шижоат билан ишлашга, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий, туризм ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашда катта куч беради.

Яна бир бор Истиқлол айёми билан барча юртдошларимизни чин қалбимдан табриклайман.

Шунингдек ўқинг

Билолиддин Ваҳобов, Хитойда фаолият юритаётган тадбиркор:

– Халқимизни Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги билан чин юракдан табриклайман.

Мен Хитойнинг нуфузли олийгоҳларидан бири – Цинхуа университетида саноат муҳандислиги бўйича ўқишни тамомлаб, ўз компаниямга асос солдим.

Компаниямиз Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Биз Хитойнинг етакчи технологияларини мамлакатимизга экспорт қилиш билан шуғулланамиз.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан ташриф буюраётган делегациялар ва тадбиркорларнинг Хитой бозорига киришига ўз ҳиссамизни қўшмоқдамиз.

Биз хорижда бўлишимизга қарамай, ўз Ватанимизни доим соғинамиз ва унинг ривожи учун ҳисса қўшишга тайёрмиз.

Юртимизда бугунги кунда жадал суръатларда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Инвесторларнинг Ўзбекистонга бўлган ишончи янада ортиб бормоқда. Биз хитойлик шерикларимиз билан мулоқотлар давомида буни доим ҳис қиламиз.

Давлатимиз томонидан биз, ёшларга яратиб берилаётган шароитлар етарли. Биз шу имкониятлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилаяпмиз.

Лазиза Юсупжанова, Жанубий Хитой технологиялар университети талабаси:

– Барча ватандошларимизни Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами билан самимий муборакбод этаман.

Мустақиллик шодиёнаси барчамиз учун қадрли ва тарихий кундир. Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз кўп ютуқларга эришди. Давлатимиз томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашлари ҳамда ўз иқтидорларини намоён этишлари учун барча шароитлар яратиб берилди.

Бугун ўзбек ёшларини бутун дунё танимоқда. Улар қайси соҳада фаолият юритмасин, юқори чўққиларни қўлга киритиб келмоқда.

Бундай ютуқлар бардавом бўлишини Яратгандан тилаб қоламан.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш