Хитойдан муносабат: Ўзбекистон–Қирғизистон Иттифоқчилик шартномаси минтақавий барқарорликка хизмат қилади
Август 03, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 13
СИАНЬ, 3 август. /“Дунё” АА/. “Марказий Осиё – Хитой” формати бош котиби Сунь Вэйдун “Дунё” ААга Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон–Қирғизистон саммити ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг норасмий учрашуви ҳақида фикр билдирди:
– Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ҳукуматлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, иқтисодиёт, энергетика, логистика, қишлоқ хўжалиги ҳамда маданият соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича эришилган келишувлар муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Ташрифнинг асосий воқеаси бутун Марказий Осиё минтақасининг тинчлиги, барқарорлиги ва бирлиги учун муҳим бўлган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бўлди. Ушбу ҳужжат икки мамлакат ўртасидаги узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли шерикликнинг янги йўналишларини белгилаб берди.
Ўзбекистон Хитойнинг яқин дўсти ва стратегик шериги ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев ва Раис Си Цзиньпин раҳбарлигида стратегик шериклик муносабатлари тобора юксалиб бормоқда.
Шу йил май ойида Сиань шаҳрида Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик форуми ўтказилди. Июнь ойида эса Гонконг маъмурияти раҳбари Ли Цзячао бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга илк бор ташриф буюрди. Ушбу сафар давомида 30 дан ортиқ ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
“Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли қурилиши стратегик аҳамиятга эга лойиҳа саналади. Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат раҳбарлари ушбу йўналиш бўйлаб савдо ва логистика инфратузилмасини биргаликда ривожлантириш истагида.
“Марказий Осиё – Хитой” формати вазирлар даражасидаги 14 та шериклик платформасини ўзида жамлаган. Ушбу механизм кўп қиррали ҳамкорлик тузилмасини намоён этмоқда. Томонлар янги турдаги ишлаб чиқариш, қайта тикланувчи энергетика, қишлоқ хўжалиги, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект соҳаларида муносабатларни кенгайтирмоқда.
Бунга Шанхайда Сунъий интеллект бўйича бутунжаҳон ташкилотининг таъсис этилишини мисол тариқасида келтириш мумкин. Ушбу тузилманинг таъсис этилишида Ўзбекистон таъсисчи давлатлар қаторидан ўрин олди.
Ҳозирда ташкилотимиз шу йилнинг иккинчи ярмида Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг еттинчи учрашуви ҳамда келгуси йили бўлиб ўтадиган “Хитой – Марказий Осиё” учинчи саммитига пухта ҳозирлик кўрмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси