Мадриддан муносабат: Чўлпонотада эришилган келишувлар Ўзбекистон–Қирғизистон муносабатларида янги босқичини бошлайди

Август 01, 2026. 09:10 • 3 дақ

89
Мадриддан муносабат: Чўлпонотада эришилган келишувлар Ўзбекистон–Қирғизистон муносабатларида янги босқичини бошлайди

МАДРИД, 1 август. /“Дунё” АА/. Испаниядаги Умум-Европа иттифоқи президенти, профессор Карлос Уриарте Санчес  “Дунё” ААга 30 июль куни Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги Ўзбекистон–Қирғизистон саммити якунлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи ўзаро муносабатларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши қардош халқлар ўртасида ишонч, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган изчил сиёсатининг мантиқий давомидир.

Музокаралар икки давлат раҳбарлари ўртасида ўзаро алоқалар юқори даражада эканини намойиш этди. Президентлар раислигида Давлатлараро кенгашнинг ташкил этилиши эришилган келишувларни амалга ошириш ва иттифоқчилик шериклигининг узоқ муддатли устувор йўналишларини белгилашда муҳим механизм бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида савдо алоқалари тобора ривожланиб бормоқда. Кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб ўн баробарга ўсиб, 1,2 миллиард доллардан ошди. Яқин истиқболда бу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

Саноат кооперацияси ҳам жадал ривожланмоқда. Энергетика, геология, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик саноати, логистика ва ўта муҳим минералларни қазиб олиш соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

“Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли қурилишини жадаллаштириш, чегараолди савдо-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, транспорт жараёнларини рақамлаштириш ва халқаро ташувлар учун қулай шароитлар яратиш бўйича келишувлар стратегик аҳамият касб этади. Минтақанинг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланишига ҳисса қўшадиган Қамбарота ГЭС-1 лойиҳаси ҳам муҳим масалалар қаторига киради.

Шунингдек ўқинг

Ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият қаратилмоқда. Биринчи Ҳудудлар форумининг ўтказилиши, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларнинг кенгайиши ва янги қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши савдо-иқтисодий муносабатлар ва сармоявий ҳамкорликнинг янада юксалиши учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Ташрифнинг гуманитар жиҳати алоҳида эътиборга лойиқ. Маданият, таълим, фан, ёшлар сиёсати, туризм ва спорт соҳаларидаги шерикликни кенгайтириш, Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш ва академик алмашинувларни фаоллаштириш икки давлат халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон–Қирғизистон муносабатларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси юксак баҳоланиб, унга Қирғизистоннинг олий давлат мукофотларидан бири – I даражали “Манас” ордени топширилди. Ушбу мукофот унинг тинчлик, яхши қўшничилик ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларни иттифоқчилик даражасига кўтариш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлари эътироф этилганидан далолат беради.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон билан муносабатлар ривожини бутун Марказий Осиёда барқарорлик ва изчил тараққиётни мустаҳкамлашнинг муҳим таркибий қисми сифатида кўрадиган стратегик қарашларини алоҳида таъкидлаш лозим. БМТ, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро майдонлар доирасида яқиндан мувофиқлаштиришга тайёрликнинг тасдиқланиши Ўзбекистоннинг минтақавий интеграция ва конструктив халқаро ҳамкорликни илгари суришдаги ўрни ортиб бораётганини кўрсатади.

Давлат ташрифи якунлари Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган очиқлик, прагматизм ва яхши қўшничилик сиёсати Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашда давом этаётганини яққол ифодалайди. Эришилган келишувлар нафақат Ўзбекистон–Қирғизистон муносабатларини иттифоқчиликнинг тарихан янги босқичига олиб чиқади, балки келгусида иқтисодий ўсиш, икки мамлакат халқлари фаровонлигини юксалтириш, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун ҳам мустаҳкам пойдевор яратади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш