Logo

Бельгиядан муносабат: Орол денгизидан кўтарилаётган заҳарли моддалар ҳаво орқали минглаб километрга тарқалмоқда

Апрель 23, 2026. 18:55 • 2 дақ

392
Бельгиядан муносабат: Орол денгизидан кўтарилаётган заҳарли моддалар ҳаво орқали минглаб километрга тарқалмоқда

БРЮССЕЛЬ, 24 апрель. /“Дунё” АА/. Бельгиялик Марказий Осиё бўйича эксперт Дерья Сойсал “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Минтақавий экологик саммит ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси йиғилишидаги иштироки ҳақида ўз фикрларини билдирди:

– Сўнгги йилларда Орол денгизи муаммоси нафақат минтақавий экологик фожиа, балки бутун дунёга таъсир қилаётган жиддий масала сифатида қаралмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Остона шаҳрига амалга оширган амалий ташрифи ҳамда Экологик саммит ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси йиғилишида иштироки ушбу муаммога бўлган халқаро эътиборни янада кучайтирди.

Орол фожиаси фақат бир ҳудуд билан чекланиб қолмайди. Мен Орол фожиаси бўйича олиб борган тадқиқотларимда қизиқ ҳолатга дуч келдим: қуриб қолган денгиз тубидан кўтарилаётган туз ва заҳарли моддалар ҳаво орқали минглаб километрга тарқалар экан.

Олимларнинг кузатишларига кўра, бу зарарли заррачалар ҳатто Гренландия музликлари ва Норвегия ўрмонларида ҳам аниқланган. Бу эса муаммо қанчалик катта ва хавфли эканини кўрсатади. Бундай ҳолатлар иқлим ўзгаришига ҳам таъсир қилиб, глобал исиш жараёнини тезлаштириши мумкин.

Шунингдек ўқинг

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар жуда муҳим аҳамиятга эга. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Оролбўйи ҳудудини тиклаш, қуриб қолган денгиз тубида дарахтлар экиш ва “яшил ҳудуд”лар яратиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон бошқа давлатлар билан ҳамкорликни кучайтириш, халқаро ташкилотлар ва олимларни жалб қилиш орқали муаммога ечим топишга ҳаракат қилмоқда. Оролни қутқариш жамғармаси доирасидаги учрашувлар ҳам шу йўлдаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, Орол денгизи фожиаси энди фақат маҳаллий эмас, балки глобал муаммога айланган. Шунинг учун уни ҳал қилиш учун барча давлатлар биргаликда ҳаракат қилиши зарур. Ўзбекистоннинг бу борадаги ташаббуслари эса нафақат минтақада, балки бутун дунёда экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш