Logo

Деҳлидан муносабат: Зомин бизнес-форуми Ўзбекистон-Ҳиндистон савдо-иқтисодий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш учун янги имкониятлар тақдим этади

Апрель 23, 2025. 09:34 • 2 дақ

104
Деҳлидан муносабат: Зомин бизнес-форуми Ўзбекистон-Ҳиндистон савдо-иқтисодий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш учун янги имкониятлар тақдим этади

ДЕҲЛИ, 23 апрель. /"Дунё" АА/. Бугун Жиззах вилоятининг Зомин туманида бошланаётган халқаро бизнес-форумнинг ҳиндистонлик иштирокчиси, "Neo Institute of Medical Sciences and Technology Ltd." компанияси бошқарувчи директори, доктор Дивя Сунита Раж Бурра "Дунё" АА учун интервьюсида бўлажак йирик тадбирнинг аҳамияти ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Ҳиндистонлик тадбиркор сифатида Жиззах вилоятида бўлиб ўтадиган бизнес-форумдаги иштирокимиз мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш учун янги имкониятлар яратишига ишонаман. Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми бир миллиард долларга етганини инобатга оладиган бўлсак, форум мазкур кўрсаткични янада ошириш учун қулай майдонча бўлиб хизмат қилади.

Мамлакатларимиз тадбиркорларида энергетика, қайта тикланувчи энергия манбалари, тўқимачилик, фармацевтика, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш учун истиқболли имкониятлар мавжуд, деб ҳисоблайман.

Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар учун қулай ва жозибадор шарт-шароит яратилган ва бўлажак бизнес-форум доирасида ҳамкорлик учун янги лойиҳалар топишимга ишонаман.

Ўзбекистонда муваффақиятга эришган йирик компаниялар вакиллари билан учрашувлар менга маҳаллий бозор шароитларини яхшироқ тушунишга ва бизнес стратегияларимни мослаштиришга ёрдам беради.

Форум ўзбекистонлик тадбиркорлар ва ҳукумат амалдорлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш учун қулай имконият бўлиб, бу ўзаро манфаатли шартномалар тузишга олиб келиши мумкин.

Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-сотиқ алоқалари изчил ўсиб бораётганини инобатга олган ҳолда, форум Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ришталарни мустаҳкамлайдиган янги ташаббус ва лойиҳаларнинг катализаторига айланишига ишонаман.

Умуман олганда, мен ушбу форумни ҳамкорликни чуқурлаштириш ва Ўзбекистонда ҳинд бизнеси учун янги уфқларни очиш йўлидаги муҳим қадам деб биламан.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш