Исроилдан муносабат: Тошкент – Евроосиёнинг янги инвестиция марказига айланиб бормоқда
Июнь 24, 2026. 18:00 • 3 дақ
• 142
ТЕЛЬ-АВИВ, 24 июнь. /“Дунё” АА/. Исроиллик сиёсатшунослик фанлари доктори, сиёсий таҳлилчи Юрий Бочаров “Дунё” ААга 16–18 июнь кунлари юртимизда бўлиб ўтган V Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро иқтисодий муносабатларда мутлақо янги мақомни эгаллаб бормоқда. Бу ўзгаришларнинг энг ёрқин намоён бўлиши бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида кузатилди. Бугун мазкур форум нафақат Марказий Осиёдаги энг йирик инвестиция майдончасига, балки Евроосиё миқёсида муҳим иқтисодий мулоқот платформасига айланиб улгурди.
2026 йилги форумда дунёнинг 100 мамлакатидан 8 мингдан ортиқ вакил иштирок этгани, шунингдек, умумий активлари 42 триллион доллардан ортиқ бўлган халқаро компаниялар ва инвестиция фондлари раҳбарларининг Тошкентга ташриф буюргани мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги сезиларли даражада ошганидан далолат беради.
Ушбу натижалар замирида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар ётади. 2016 йилдан бошлаб мамлакат иқтисодиётини либераллаштириш, бизнес муҳитини яхшилаш, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича изчил чоралар кўрилди. Натижада, Ўзбекистон халқаро сармоядорлар эътиборини тортган истиқболли бозорлардан бирига айланди.
Тошкент халқаро инвестиция форумининг ривожланиш динамикаси ҳам бу жараёнларнинг яққол кўрсаткичидир. Агар 2022 йилда форумда 56 давлатдан икки мингга яқин иштирокчи қатнашган бўлса, бугунги кунда иштирокчилар сони бир неча баробарга ошди. Бу эса халқаро бизнес ҳамжамиятининг Ўзбекистонга бўлган ишончи мустаҳкамланаётганини англатади.
Ўзбекистоннинг географик жойлашуви ҳам мамлакатнинг инвестиция салоҳиятини оширишда муҳим омилга айланмоқда. Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлат сифатида республика транспорт ва логистика инфратузилмасини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Форумнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, у фақат инвестиция келишувлари имзоланадиган тадбир эмас. У халқаро иқтисодий дипломатиянинг самарали механизмига айланиб бормоқда. АҚШ, Хитой, Туркия, Корея Республикаси, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатлар иштирокида ўтказилган бизнес форумлар мамлакатнинг ташқи иқтисодий сиёсати мувозанатли ва очиқ эканини намоён этмоқда.
Эътиборли жиҳатлардан яна бири – муҳокама қилинаётган лойиҳаларнинг мазмунидир. Илгари асосий эътибор энергетика ёки анъанавий саноат тармоқларига қаратилган бўлса, бугун сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт, қайта тикланувчи энергетика, критик минераллар, замонавий саноат кластерлари ва транспорт коридорлари каби стратегик йўналишлар биринчи ўринга чиқмоқда.
Энг муҳими, бугун Ўзбекистон халқаро майдонда ишончли ва барқарор ҳамкор сифатида қабул қилинмоқда. Мамлакатга қизиқиш нафақат минтақавий давлатлар, балки Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Америкадаги етакчи компаниялар томонидан ҳам ортиб бормоқда. Бу эса амалга оширилаётган иқтисодий сиёсатнинг халқаро миқёсда эътироф этилаётганини кўрсатади.
Бугунги тенденциялардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, яқин йилларда Тошкент халқаро инвестициялар, технологиялар ва бизнес ҳамкорлик учун нафақат Марказий Осиёда, балки бутун Евроосиё ҳудудидаги муҳим марказлардан бирига айланади. Бу эса Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодий харитасидаги ўрни тобора мустаҳкамланаётганининг яна бир тасдиғидир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси