Ўзбекистон Европанинг йирик логистика операторлари учун янги бозорга айланмоқда

Июнь 24, 2026. 19:00 • 3 дақ

90
Ўзбекистон Европанинг йирик логистика операторлари учун янги бозорга айланмоқда

ВАРШАВА, 24 июнь /“Дунё” АА/. Юртимизнинг Польшадаги элчихонаси томонидан йирик логистика операторлари – “Rohlig SUUS Logistics” компанияси президенти Пётр Иво Хмелевский билан учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Польша томани пойтахтимизда бўлиб ўтган V Тошкент халқаро инвестиция форуми натижаларини юқори баҳолаб, мазкур тадбир Ўзбекистонда иқтисодий соҳада амалга оширилган кенг кўламли ва қайтмас ислоҳотларни бутун дунёга намоён этганини алоҳида қайд этди.

Пётр Иво Хмелевский таъкидлашича, унинг компанияси бир неча йил аввал Қозоғистон бозорига кирган бўлиб, ҳозирда Ўзбекистонда ҳам ўз корхонасини ташкил этмоқда. Бу Ўзбекистонни “Rohlig SUUS Logistics” гуруҳи фаолият юритаётган 9-давлатга айлантиради.

Компания раҳбари Ўзбекистоннинг жадал иқтисодий ривожланиш суръатларини юқори баҳолаб, мамлакатнинг бугунги тараққиёти Польшада 1990 йилларда кузатилган иқтисодий трансформация жараёнларини эслатишини қайд этди. Унинг фикрича, Ўзбекистон хорижий инвестицияларни фаол жалб этаётгани, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошираётгани ва қулай бизнес муҳитини шакллантираётгани билан инвесторлар учун жозибадор бозор ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг аҳолиси қарийб 39 миллион нафарга етгани, аҳолининг ўртача ёши 30 ёшдан камлиги, иқтисодиётнинг ҳар йили 5 фоиздан ортиқ ўсиши мамлакатнинг юқори демографик ва иқтисодий салоҳиятини намоён этмоқда. Шунингдек, у янги Тошкент халқаро аэропорти қурилиши, темир йўл тармоқларини модернизация қилиш ва рақамли иқтисодиётнинг ривожланиши мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошираётганига эътибор қаратди.

Компания президентининг маълум қилишича, фармацевтика, маиший техника, тез айланувчи истеъмол товарлари (FMCG), тўқимачилик, машинасозлик ва қурилиш соҳаларида фаолият юритаётган кўплаб Польша ва Европа компаниялари Марказий Осиё мамлакатларига маҳсулот экспорт қилмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистонда компания очилиши минтақада ишлашни режалаштираётган Европа компаниялари учун муҳим логистик платформа вазифасини бажаради.

Компания Ўзбекистонда халқаро автомобиль ташувлари, маҳаллий дистрибуция, омборхона хизматлари, божхона расмийлаштируви, ҳаво, денгиз ва темир йўл юк ташувлари ҳамда интермодал логистика хизматларини йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Марказий Осиё орқали ўтувчи транспорт йўлакларининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Хусусан, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси ҳамда Каспий денгизи орқали Европага чиқувчи Ўрта йўлак Евроосиё транспорт тармоғининг муҳим қисмига айланиши таъкидланди. Мазкур йўналиш Европа билан юк ташиш масофасини тахминан 900 километрга қисқартириши ва етказиб бериш муддатини 7–8 кунга камайтириши мумкин.

Шунингдек, Пётр Иво Хмелевский Ўзбекистоннинг Туркманистон орқали Туркия ва Форс кўрфази давлатларига чиқиш имконини берувчи “Исломобод–Теҳрон–Истанбул” транспорт йўлаги ҳамда “Термиз–Қобул–Пешовар” темир йўли лойиҳаси доирасида Ҳинд океанига чиқиш истиқболларини юқори баҳолади.

Компания раҳбари ҳаво юк ташувлари ва йўловчи ташиш соҳасида ҳам Марказий Осиё аҳамияти ошиб бораётганини таъкидлади. Унинг фикрича, Польшанинг “LOT Polish Airlines” авиакомпанияси томонидан “Варшава–Тошкент” мунтазам авиақатновларининг йўлга қўйилиши ҳамда янги йўналишларнинг очилиши Польша, Марказий Осиё ва Узоқ Шарқ ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга ҳисса қўшади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш