Қозоғистондан муносабат: Словакия Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи икки томонлама муносабатларини сифат жиҳатидан янги стратегик босқичга олиб чиқди
Июнь 13, 2025. 16:09 • 2 дақ
• 100
ОСТОНА, 13 июнь. /"Дунё" АА/. "Евроосиё сиёсати институти" ахборот-таҳлил маркази раҳбари Максим Крамаренко "Дунё" АА учун интервьюсида Словакия Бош вазири Роберт Фицонинг 8-10 июнь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Словакия Бош вазири Роберт Фицонинг Тошкентга ташрифи Ўзбекистон-Словакия муносабатларида сезиларли силжиш бўлиб, уларни сифат жиҳатидан янги, стратегик босқичга олиб чиқди. Мазкур ташрифга тайёргарлик доирасида икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг институционал асосларини шакллантириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Хусусан, жорий йилнинг май ойида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Словакия ҳукуматлараро комиссиясининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди ва унда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди.
Словакия Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма декларация имзоланди ва бу икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим босқич бўлди. Бу муваффақият бир неча асосий омилларга боғлиқ.
Биринчидан, Словакия ўз ишлаб чиқаришини маҳаллийлаштириш ёки МДҲ мамлакатлари ва бошқа иқтисодий аҳамиятга эга бошқа минтақаларга маҳсулот экспорт қилиш мақсадида республикада қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқиб, Ўзбекистон бозорига киришга катта қизиқиш билдирмоқда.
Иккинчидан, Ўзбекистон Словакияни ўз товарларини Европа бозорларига олиб чиқишда истиқболли логистика маркази сифатида кўради. Ниҳоят, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар хорижий сармояларни жалб этиш, қўшма корхоналарни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратмоқда.
Ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 50 фоизга ошгани иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун салмоқли салоҳият мавжудлигидан далолат беради.
Муносабатларнинг стратегик даражасига ўтиш ҳар икки томон ташаббуслари ва устуворликларидан келиб чиққан ҳолда ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш имконини беради. Тошкент шиналар ва бошқа эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган автомобиль бутловчи қисмларини етказиб беришдан манфаатдор.
Қишлоқ хўжалиги кооперацияси соҳасида ҳам катта имкониятлар мавжуд. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Словакия бозорига ва у орқали Европа Иттифоқи мамлакатларига етказиб беришга, эвазига уларни қайта ишлаш учун илғор технологиялар олишга тайёр.
Икки томонлама ҳамкорлик соҳасида ядровий ва яшил энергетика, тиббиёт ва фармацевтика, шунингдек, гуманитар ва таълим соҳаларида салоҳият мавжуд.
Ўзбекистон-Словакия шериклиги Ўзбекистон ислоҳотлари ва Словакиянинг Марказий Осиёдаги стратегик манфаатлари билан қўллаб-қувватланадиган кўп тармоқли икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш учун катта салоҳият мавжудлигини кўрсатади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари