Logo

Хитойдан муносабат: Ўзбекистон ва Покистон ҳамкорлиги кўп қиррали ва изчил ривожланиб бормоқда

Февраль 07, 2026. 13:53 • 2 дақ

117
Хитойдан муносабат: Ўзбекистон ва Покистон ҳамкорлиги кўп қиррали ва изчил ривожланиб бормоқда

ПЕКИН, 7 февраль. /“Дунё” АА/. Хитойдаги “Travel & Leisure” нашри бош муҳаррири Ян Цзипин “Дунё” АА мухбирига Ўзбекистон Президентининг Покистонга давлат ташрифи, икки давлат ўртасида ўрнатилган ўзаро ишонч ва дўстлик ришталари ҳамда ривожланаётган ҳамкорлик алоқалари хусусида фикр билдирди:

– Ўзбекистон ва Покистон ҳамкорлиги кўп қиррали ва изчил ривожланиб бормоқда. Муносабатларнинг иқтисодий таркибий қисми барқарор ўсишни кўрсатмоқда. Ўзаро савдо ҳажмининг ўсиши муҳим аҳамиятга эга бўлиб, 2025 йил якунига кўра, 445,8 миллион долларга етди. Бу ишбилармон доиралар ўртасидаги ишончнинг мустаҳкамланишини акс эттиради. Товар айирбошлашни 2 миллиард долларга етказиш бўйича улкан мақсад қўйилгани бежиз эмас.

Халқаро майдонда Ўзбекистон ва Покистон ШҲТ ва ИҲТ каби ташкилотлар доирасида саъй-ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштириб, кўп қутблилик, суверенитет ва ички ишларга аралашмаслик тамойилини мустаҳкамлаш тарафдори. Бу ҳамкорлик минтақавий барқарорлик ва интеграциянинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.

Транспорт-логистика ўзаро боғлиқлигини ривожлантиришга алоҳида стратегик эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон учун Покистоннинг Карачи ва Гвадар портларига чиқиш муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу экспорт-импорт йўналишларини диверсификация қилиш учун янги истиқболларни очади.

“Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон” форматидаги уч томонлама Транс-Афғон темир йўли қурилиши бу соҳадаги энг муҳим лойиҳадир. 2025 йил июль ойида ҳадли битимнинг имзоланиши транспорт харажатлари ва вақтини кескин қисқартиришга, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қодир лойиҳани амалга оширишга ўтишни белгилаб берди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга ташрифи стратегик шерикликни янги босқичга кўтариш, иқтисодий ва транспорт ҳамкорлигини кенгайтириш, гуманитар алоқаларни чуқурлаштиришга туртки беради.

Умуман олганда, ХХР Тошкент ва Исломобод ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг ривожланишини олқишлайди, улар Хитойнинг ҳар қандай шароитдаги стратегик ҳамкорлари бўлиб, ШҲТ ва “Макон ва йўл” ташаббуси доирасида фаол ҳамкорлик қилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш