Logo

Буюк Британиядан муносабат: Ўзбекистон Президентининг Туркияга ташрифи стратегик шерикликда янги даврни бошлаб берди

Февраль 01, 2026. 12:40 • 2 дақ

73
Буюк Британиядан муносабат: Ўзбекистон Президентининг Туркияга ташрифи стратегик шерикликда янги даврни бошлаб берди

ЛОНДОН, 1 февраль. /“Дунё” АА/. Кембриж марказий Осиё форуми директори, профессор Сиддҳарт Саксена “Дунё” АА мухбирига Ўзбекистон Президентининг Туркияга амалга оширган расмий ташрифи якунлари бўйича ўз муносабатини билдирди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга амалга оширган расмий ташрифи ўзбек-турк стратегик шериклигини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришда муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Олий даражадаги музокаралар давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг асосий масалалари муҳокама қилингани ҳамда Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши муваффақиятли ўтказилгани икки давлат муносабатлари юксак даражада эканидан далолат беради.

Ташриф давомида ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларга алоҳида эътибор қаратилгани диққатга сазовордир. Икки мамлакат етакчи бизнес вакиллари истиқболли инвестиция лойиҳалари ва саноат кооперациясини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Имзоланган ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар тўплами келгусида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади.

Ташрифнинг энг ҳаяжонли ва аҳамиятли воқеаларидан бири — 2023 йилги вайронкор зилзиладан жабр кўрган Хатай провинциясида “Ўзбекистон” маҳалласининг очилиши бўлди. 300дан ортиқ хонадонни ўз ичига олган ушбу гуманитар лойиҳа ўзбек халқининг қардош турк халқи билан бирдамлигини ҳамда жабрланган ҳудудларни тиклашга қўшган улкан ҳиссасини англатувчи рамзий маънога эга.

Умуман олганда, Шавкат Мирзиёевнинг Анқарага ташрифи Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолатини яна бир бор тасдиқлади ва уларнинг ҳар томонлама ривожланишига янги суръат бағишлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш