Руҳи Эрсой: Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар бутун туркий дунёга ўрнак бўла олади
Январ 30, 2026. 15:33 • 2 дақ
• 84
АНҚАРА, 1 февраль. /“Дунё” АА/. Туркиядаги Аҳмад Жавод институти ректори Руҳи Эрсой “Дунё” АА учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга расмий ташрифи якунлари юзасидан фикр билдирди:
– Икки давлат раҳбарларининг “бир миллат, икки давлат” концепциясига асосланган учрашуви стратегик ҳамкорликнинг энг юқори чўққисидир.
Биз учун Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоғаннинг учрашуви туркий дунё яна бирлашишини англатади. Бу учрашув нафақат сиёсий, балки савдо-иқтисодий, маданий, тил ва мафкуравий жиҳатдан ҳам ғоят муҳимдир.
Маданий ва лисоний муштаракликни мустаҳкамлаш билан бирга, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро ташрифлар сонини кўпайтириш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, давлат раҳбарлари томонидан мамлакатларимизда 2026 йилнинг “Оила йили” ҳамда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани, ижтимоий ривожланишга алоҳида эътибор қаратилаётгани жуда қимматли ташаббуслардир.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда сўнгги тўққиз йилда амалга оширилган ислоҳотлар бутун туркий дунёга ўрнак бўла олади. Ўзбекистон мустақил туркий давлатлар орасида давлатчилик анъаналари энг теран бўлган мамлакатлардан бири бўлиб, бу даврда туркий дунёнинг юраги, тафаккури ва иродаси эканини яққол намоён этди.
Биринчи Ренессанс давридан, яъни Амир Темур замонидан то ҳозирги кунгача сақланиб қолган давлатчилик анъаналари доирасида биз Шавкат Мирзиёевнинг Президентлигини ниҳоятда қадрли деб баҳолаймиз.
Анқара ва Тошкент ўртасидаги биродарлик нафақат савдо алоқалари, балки чуқур тарихий ва маданий алоқалар эканлигини жуда яхши тушунамиз.
Туркий давлатлар сифатида, хусусан, Ўзбекистон ва Туркия ниҳоятда бой ва кучли тарихий меросга эгамиз. Бу бирлик нафақат туркий дунё, балки бутун инсоният учун зарур. Биз қадриятларимизни инсониятнинг умиди ва давоси сифатида кўрсатиш иродасини намоён этишимиз керак.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
