Москвадан муносабат: Ўзбекистон–Озарбайжон музокаралари Марказий Осиё ва Кавказорти ҳамкорлиги кучайиб бораётганидан далолат
Август 25, 2026. 19:30 • 2 дақ
• 244
МОСКВА, 25 август. /“Дунё” АА/. Россия давлат гуманитар университети халқаро муносабатлар кафедраси доценти Юрий Сигов “Дунё” ААга Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг 23–24 август кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи якунлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
– Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида икки делегациянинг тор ва кенгайтирилган таркиблардаги музокаралари бўлиб ўтди. Унда Тошкент ва Боку ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. Ташриф доирасида Янги Тошкентда қатор тадбирлар ўтказилди. Озарбайжон етакчиси Бухорога ташриф буюриб, шаҳарнинг тарихий ва меъморий обидалари билан танишди.
Бундай ташриф икки давлатнинг Марказий Осиё ва Кавказорти мамлакатлари ўртасида ўзаро манфаатли асосда тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш истаги ортиб бораётганини кўрсатади.
Бугунги кунда Кавказорти минтақасининг асосий иқтисодий ва сиёсий иштирокчиси бўлган Озарбайжон Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларини ҳар томонлама мустаҳкамламоқда, Ўзбекистон ва Қозоғистон билан алоқаларга устувор аҳамият қаратилмоқда. Тошкент учун Боку Туркия ва Европа бозорларига асосий транспорт йўлаги сифатида Каспий минтақасидаги жуда муҳим аҳамиятга эга шерик ҳисобланади.
Икки томонлама алоқаларни тобора ривожлантиришда давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг ташаббус ва интилишлари шерикликни кенгайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Умуман олганда, ушбу ташриф Марказий Осиё ва Кавказорти давлатларининг ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилаётганининг яна бир тасдиғи бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси