Бокудан муносабат: Озарбайжон–Ўзбекистон саммити юртимиз ва халқларимиз ўртасидаги қардошликни янада мустаҳкамлади
Август 26, 2026. 09:25 • 5 дақ
• 146
БОКУ, 26 август. /“Дунё” АА/. Таниқли озарбайжонлик сиёсатшунос ва таҳлилчи Илгар Велизаде “Дунё” ААга Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг 23–24 август кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи якунлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Сўнгги йилларда Озарбайжон ва Ўзбекистон Президентларининг анъанавий ўзаро учрашувлари муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаб, икки томонлама ҳамкорлик даражасини босқичма-босқич юксалтирмоқда.
Сўнгги беш йил ичида Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёев олий даражадаги 15 та ўзаро ташриф доирасида учрашди. Бу даврда икки мамлакат муносабатлари бир неча босқичдан ўтди. 2022 йилда Стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги декларация, 2023 йилда Олий давлатлараро кенгаш таъсис этилди. 2024 йил август ойида томонлар Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолади. Илҳом Алиевнинг 23–24 август кунларидаги Ўзбекистонга давлат ташрифи ушбу анъанани давом эттирди.
Айни пайтда сиёсий яқинлашув иқтисодиёт билан тобора мустаҳкамланмоқда. Озарбайжон Президентининг Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАга берган интервьюсида келтирган маълумотларига кўра, 2023 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми уч баравардан кўпроққа ўсиб, 195 миллион долларга етган.
Бу икки томонлама ҳамкорликнинг улкан салоҳиятидан далолат берувчи катта ўсишдир. Қолаверса, бу ҳали чегара эмас. 2024 йилнинг январь–май ойларида товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан яна 33 фоизга ошди. Уч йил аввал ташкил этилган, 500 миллион долларлик сармояга эга Озарбайжон–Ўзбекистон инвестиция компанияси ўзаро қўшма лойиҳаларни молиялаштириб, ўзаро савдони янада рағбатлантирмоқда.
Ишлаб чиқариш кооперацияси ҳам кенгаймоқда. Озарбайжонда айни пайтда ўзбек сармояси иштирокидаги 130 дан ортиқ тижорат ташкилоти фаолият юритмоқда. “Chevrolet” автомобиллари ва “Isuzu” автобусларини биргаликда ишлаб чиқариш ривожланмоқда. Ўз навбатида, Озарбайжон бизнеси Ўзбекистондаги йирик лойиҳаларга, жумладан, Тошкент шаҳридаги “The Ritz-Carlton” ва Тошкент вилоятидаги “Sea Breeze Uzbekistan” меҳмонхона-тураржой мажмуаларига сармоя киритмоқда.
Бу ўринда иқтисодиётнинг ўзи шунчаки муҳим эмас. Айнан у сиёсий яқинликни ўзаро манфаатларнинг барқарор тизимига айлантиради. Қўшма инвестициялар, ишлаб чиқариш, савдо ва логистика ҳар икки томоннинг мавжуд муносабатларни сақлаш ва янада ривожлантиришдан моддий манфаатдорлигини юзага келтиради.
Озарбайжон учун Ўзбекистон билан ҳамкорлик Марказий Осиё билан янада яқинлашув жараёнининг бир қисми сифатида муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон йирик ички бозор, салмоқли саноат салоҳияти ва жадал ривожланаётган иқтисодиётга эга. Тошкент учун эса Озарбайжон нафақат бозор ва сармоя манбаи, балки Туркия ва Европага йўлдаги муҳим транзит ҳалқасидир. Шу боис, икки мамлакатнинг иқтисодий яқинлашуви транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш билан бевосита боғлиқдир.
Озарбайжон ва Ўзбекистон Каспийнинг икки соҳилида жойлашган бўлиб, амалда Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Туркия ва Европа ўртасидаги йўналишнинг энг муҳим бўғинларини ташкил этади. 2025 йилда мамлакатлар ўртасидаги транзит ташувлари ҳажми 6,7 фоизга ўсиб, 1,4 миллион тоннага етди. 2026 йилнинг биринчи ярмида эса ўсиш яна 12,2 фоизни ташкил қилди.
Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли ривожлангани сари бу йўналишнинг аҳамияти янада ортиб боради. Унинг Каспий денгизи орқали Ўрта йўлак билан боғланиши Хитой ва Марказий Осиёдан Озарбайжон орқали Туркия ҳамда Европа бозорларига янада яхлит маршрутни шакллантириш имконини беради. Шу боис транспорт соҳаси аста-секин Боку ва Тошкент ҳамкорлигининг йўналишларидан бири бўлишдан чиқиб, ҳар икки мамлакатнинг стратегик манфаатига айланиб бормоқда.
Буларнинг барчаси ҳозирги яқинлашувни янада кенгроқ минтақавий жараённинг бир қисмига айлантирмоқда. Озарбайжон Марказий Осиё билан тобора фаолроқ интеграциялашмоқда. 2025 йилда унинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳатлашув учрашувларида тўлақонли иштирок этиши тўғрисида қарор қабул қилинди. Шундай қилиб, Марказий Осиёнинг аввалги беш давлатдан иборат формати Озарбайжоннинг қўшилиши билан амалда кенгайди.
Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Боку ва Тошкент ҳамкорлигига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Озарбайжон ва Ўзбекистон ТДТнинг ролини кучайтириш ҳамда уни асосан маслаҳат майдончасидан сиёсий ва иқтисодий салмоғи ортиб бораётган нуфузлироқ бирлашмага айлантириш тарафдоридир.
Бу бежиз эмас, чунки глобал сиёсий беқарорлик шароитида ТДТ энг барқарор ва башорат қилиш мумкин бўлган минтақавий платформалардан бирига айланмоқда. Ташкилот иштирокчилари ўртасида ўз халқларининг туб манфаатларини инобатга олиш ва рўёбга чиқариш имконини берадиган муносабатлар шаклланган, мақсадлар муштараклиги эса аниқ иқтисодий, транспорт ва инвестиция лойиҳалари билан тобора мустаҳкамланмоқда.
Озарбайжон ва Ўзбекистон учун ТДТнинг кучайиши бир вақтнинг ўзида Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик маконининг кенгайишини англатади ҳамда янада мустақил минтақавий сиёсат юритиш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Ниҳоят, икки халқнинг тарихий ва маданий яқинлиги, умумий анъаналари ва тил қардошлиги муносабатларнинг муҳим асоси бўлиб қолмоқда. Президент Илҳом Алиев Ўзбекистонга ташрифларидан бирида ўзбек тилини қийналмасдан тушунишини таъкидлаган эди. Бир қарашда бу шунчаки рамзий бир жиҳатдек туюлиши мумкин, бироқ маданий ва лингвистик яқинлик ҳақиқатан ҳам икки мамлакат жамиятлари ўртасидаги ўзаро қизиқишнинг ортишига ҳисса қўшади.
Бу, айниқса, туризм соҳасида яққол намоён бўлмоқда. Тўғридан-тўғри авиақатновларнинг кенгайиши, виза тўсиқларининг йўқлиги ва нисбий географик яқинлик ўзаро сафарларни тобора осонлаштирмоқда. Озарбайжонлик сайёҳларни Ўзбекистонга, аввало, Самарқанд, Бухоро ва Хива жалб қилса, ўзбекистонлик сайёҳлар учун Боку, Қорабоғ ва мамлакатнинг бошқа дам олиш масканлари жозибаси ортиб бормоқда. Анъаналар, таомлар ва турмуш тарзининг ўхшашлиги одамлар ўртасидаги мулоқотни янада енгиллаштиради.
Туризм соҳаси Озарбайжон ва Ўзбекистон муносабатлари ривожида муҳим аҳамиятга эга. Ўзаро саёҳатлар сонининг ортиши нафақат давлатлар ва бизнес даражасидаги, балки бевосита жамиятлар ўртасидаги алоқаларни ҳам кенгайтирмоқда.
Айнан шунинг учун ҳам ушбу давлат ташрифи бугунги кунда нафақат тарихий ва маданий яқинликка, балки аниқ сиёсий, иқтисодий ва стратегик манфаатларга ҳам таянадиган Озарбайжон–Ўзбекистон биродарлигини мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси