Покистондан муносабат: Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясидаги нутқи ҳам минтақавий, ҳам глобал кун тартиби учун муҳим аҳамиятга эга
Сентябрь 25, 2025. 12:15 • 3 дақ
• 96
ИСЛОМОБОД, 25 сентябрь. /"Дунё" АА/. Жанубий Осиё ва халқаро тадқиқотлар маркази президенти Саййид Холид Амир Жаффри (Покистон) "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида иштироки доирасида АҚШ расмий ва ишбилармон доиралари вакиллари билан ўтказган учрашувлари ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясидаги нутқи ҳам минтақавий, ҳам глобал кун тартиби учун муҳим аҳамиятга эга. Унинг нутқи ўзининг стратегик кенглиги, миллий устуворликлар ва глобал муаммолар уйғунлиги билан ажралиб турди.
Биринчидан, асосий эътибор Ўзбекистонда ички ислоҳотларни давом эттириш ва инсон капиталини мустаҳкамлашга қаратилди. Камбағалликни қисқартириш, таълим қамровини кенгайтириш ва "яшил" энергияни ривожлантириш бўйича эришилган ажойиб ютуқлар ички трансформациялар фаол халқаро сиёсат учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини кўрсатади.
Иккинчидан, Ўзбекистон Президентининг Янги Марказий Осиёни яратиш бўйича ташаббуслари алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Ёпиқ чегаралар ва низолар даври ўтмишда қолиб кетганини таъкидлангани бугунги воқеликни акс эттиради. Минтақа ҳақиқатан ҳам халқаро муносабатларнинг мустақил иштирокчисига айланиб бормоқда ва Ўзбекистон бу жараёнда етакчи ва ҳаракатлантирувчи роль ўйнамоқда. Учинчидан, Жанубий Осиё, хусусан, Покистон учун бевосита аҳамият касб этадиган ташаббуслар билдирилди. Бу Афғонистон орқали халқаро транспорт ва энергетика йўлакларини ривожлантириш таклифини ўз ичига олади. Ушбу ёндашув Покистоннинг стратегик манфаатларига тўлиқ мос келади, у ҳам ўзининг географик жойлашувини минтақалараро алоқанинг асосий бўғинига айлантиришга интилади. Тошкент ва Исломободнинг бундай лойиҳалар бўйича ҳамкорлиги Марказий ва Жанубий Осиёнинг иқтисодий интеграциясини сезиларли даражада тезлаштириши мумкин.
Тўртинчидан, иқлим ўзгариши, сув инқирози, иқлим миграциясига қаратилаётган эътибор таҳсинга лойиқ. Орол фожиасига дуч келган Ўзбекистон ҳақли равишда глобал экологик платформалар яратиш ташаббуси билан чиқмоқда. Бу ташаббуслар сув ресурслари ва демографик барқарорлик масалалари ҳам бундан кам долзарб бўлмаган Жанубий Осиё учун ҳам муҳимдир.
Бешинчидан, таълим, сунъий интеллект ва ёшлар дипломатияси бўйича халқаро платформаларни яратиш бўйича таклифлар ҳамкорликнинг глобал маданиятини ривожлантиришга қаратилган узоқ муддатли истиқболни акс эттиради. Аҳолининг салмоқли қисмини ҳам ёшлар ташкил этувчи Покистон ҳам бундай лойиҳаларда фаол иштирок этиши мумкин.
Хулоса ўрнида ишонч билан айта оламанки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқи Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятининг масъулиятли ва ташаббускор аъзоси сифатидаги ўрни ҳақидаги асосий баёнот бўлди. Покистон учун бу Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий боғлиқлик концепциясини илгари суриш контекстида айниқса муҳимдир. Икки давлатнинг транзит, энергетика, атроф-муҳит ва ёшлар сиёсатидаги манфаатларининг яқинлашиши стратегик шерикликни чуқурлаштириш учун кенг истиқболларни очади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари