Бонн шаҳрида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги академик алмашинув ҳамда касб-ҳунар таълими бўйича янги лойиҳалар кўриб чиқилди

Ноябрь 26, 2026. 14:30 • 2 дақ

• 46
Бонн шаҳрида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги академик алмашинув ҳамда касб-ҳунар таълими бўйича янги лойиҳалар кўриб чиқилди
Бонн шаҳрида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги академик алмашинув ҳамда касб-ҳунар таълими бўйича янги лойиҳалар кўриб чиқилди
Бонн шаҳрида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги академик алмашинув ҳамда касб-ҳунар таълими бўйича янги лойиҳалар кўриб чиқилди
Бонн шаҳрида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги академик алмашинув ҳамда касб-ҳунар таълими бўйича янги лойиҳалар кўриб чиқилди

БОНН, 24 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси Дилшод Ахатов Бонн шаҳрига амалий ташрифи доирасида қатор муҳим учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, дипломат шаҳар мэри, Германиянинг академик алмашинув, касб-ҳунар таълими ва илм-фан соҳаларидаги ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек, “Германия – Ўзбекистон” жамияти раиси билан музокаралар олиб борди.

Бонн шаҳри мэри Гвидо Деус билан учрашувда 2003 йилда биродарлашган Бухоро ва Бонн шаҳарлари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Маъмурият ва ишбилармон доиралар ўртасида ўзаро ташрифларни ташкил этиш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш имкониятлари кўриб чиқилди. Жумладан, меҳмонхона ва ресторан бизнеси мутахассислари учун дуал таълим лойиҳасини ишлаб чиқиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Германия академик алмашинув хизмати (DAAD) бош котиби Кай Сикс билан ўзбекистонлик талабалар ва ёш олимларнинг Германияда таҳсил олиши ҳамда илмий тадқиқотлар ўтказиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, DAAD ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Александр фон Гумбольдт жамғармаси бош котиби ўринбосари Катрин Амиан билан эса ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг жамғарма стипендия дастурларидаги иштироки кўриб чиқилди. Мазкур йўналишдаги мулоқотларни Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон ва Германия университетларининг иккинчи форуми доирасида давом эттиришга келишиб олинди.

Шунингдек ўқинг

Катта экспертлар хизмати (SES) ижрочи директори Марион Зодеманн билан Ўзбекистонда касб-ҳунар таълимини ривожлантиришга германиялик мутахассисларни жалб этиш масалалари муҳокама этилди. Касбий таълим агентлиги билан биргаликда кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, жумладан, немис тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш дастурларини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

Германия тараққиёт ва барқарорлик институти (IDOS) директори, профессор Анна-Катарина Хорниж билан эса институт ва Стратегик ислоҳотлар агентлиги ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда қўшма тадқиқотлар ўтказиш юзасидан фикр алмашилди.

Бундан ташқари, Бонндаги “Германия – Ўзбекистон” жамияти раиси Колин Дюркоп билан маданий-гуманитар ришталарни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Бунда жамиятнинг Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорлигини кучайтириш, шунингдек, ватандошлар ва Германия жамоатчилиги иштирокида қўшма маданий-маърифий тадбирлар ташкил этишга алоҳида урғу берилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш