Иорданияда Президентимизнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” китоби тақдимоти ўтказилади

Ноябрь 18, 2026. 14:00 • 3 дақ

• 305
Иорданияда Президентимизнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” китоби тақдимоти ўтказилади

АММАН, 18 ноябрь. /“Дунё” АА/. 2026 йил 19 ноябрь куни Иорданияда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” номли асари тақдимоти бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт йўли, кенг кўламли ислоҳотлари, иқтисодий салоҳияти, бой тарихий-маданий мероси ва тинчликсевар ташқи сиёсатини Иордания жамоатчилигига кенг танитишга хизмат қилади.

Президентнинг 2024 йилда нашр этилган мазкур китоби замонавий дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар, глобал муаммолар ва уларни ҳал этишда давлатларнинг масъулиятини чуқур таҳлил этиши билан аҳамиятлидир. Асарнинг бош ғояси – инсон қадрини улуғлаш, халқ манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш ҳамда ҳар бир фуқаро учун муносиб ҳаёт шароитларини яратишдан иборат.

Китобда илгари сурилган “Давлат – инсон учун” тамойили Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг асосий мезони сифатида намоён бўлади. Таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан, бандлик, тадбиркорлик ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги ўзгаришлар ҳам айнан инсон манфаатларига хизмат қиладиган адолатли ва фаровон жамиятни барпо этишга қаратилган.

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 7,7 фоизга ўсиб, қарийб 147 миллиард долларни ташкил этди. Ташқи савдо айланмаси 81,2 миллиард долларга, хорижий инвестициялар ҳажми 43 миллиард доллардан ошди.

Иорданиядаги тақдимот икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳурмат муносабатларини янада мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Иордания ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.

Шунингдек ўқинг

2025 йил 26 август куни Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга илк давлат ташрифи икки томонлама муносабатларда муҳим воқеа бўлди. Самарқанддаги олий даражадаги музокаралар якунида Қўшма баёнот қабул қилиниб, турли соҳаларни қамраб олган 15 та ҳужжат имзоланди. Ушбу келишувлар инвестиция, савдо, олий таълим, илм-фан, туризм, қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.

2025 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 79,2 фоизга ўсди. Ўзбекистонда Иордания капитали иштирокидаги 18 та корхона фаолият юритмоқда. 2026 йил октябрь ойида Ўзбекистон делегациясининг Иорданияга амалий ташрифи давомида саноат кооперацияси, қўшма корхоналар ташкил этиш, инвестицияларни жалб қилиш ва ўзаро савдони кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Жорий йил 6 ноябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ақаба жараёни доирасида Президент Шавкат Мирзиёев ва Подшоҳ Абдулла II ўртасида бўлиб ўтган учрашув ҳам икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга бўлган қатъий сиёсий иродани намоён этди.

Айни пайтда Ўзбекистон ва Иорданиянинг тинчлик, хавфсизлик, динлараро мулоқот ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасидаги қарашлари ҳам муштаракдир. Ўзбекистон халқаро майдонда муаммоларни тинч йўл билан, ўзаро ишонч ва мулоқот асосида ҳал этиш тарафдори сифатида фаол ташаббусларни илгари суриб келмоқда.

“Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” асарининг араб, инглиз, итальян, рус ва урду тилларига таржима қилиниши унинг халқаро миқёсдаги аҳамиятини кўрсатади. Китобнинг Иорданияда тақдим этилиши араб жамоатчилигини Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, амалга оширилаётган ислоҳотлари ва халқаро ташаббуслари билан яқиндан таништириш учун муҳим имконият яратади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш