Ўзбекистон делегацияси ШҲТнинг цивилизациялар мулоқоти форумида иштирок этди

Ноябрь 26, 2026. 16:30 • 3 дақ

• 66
Ўзбекистон делегацияси ШҲТнинг цивилизациялар мулоқоти форумида иштирок этди
Ўзбекистон делегацияси ШҲТнинг цивилизациялар мулоқоти форумида иштирок этди
Ўзбекистон делегацияси ШҲТнинг цивилизациялар мулоқоти форумида иштирок этди
Ўзбекистон делегацияси ШҲТнинг цивилизациялар мулоқоти форумида иштирок этди

ДЕҲЛИ, 26 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари Санжар Бобожонов бошчилигидаги делегация Ҳиндистонда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг цивилизациялар мулоқоти биринчи форумида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда 22 мамлакатдан 116 нафар вакил, жумладан, вазирлар, дипломатлар, олимлар ва маданий мерос соҳаси мутахассислари қатнашди.

Ҳиндистон Маданият вазирлиги ҳамда Индира Ганди номидаги Миллий санъат маркази ҳамкорлигида ташкил этилган форумда маданий хилма-хилликни асраш, халқлар ўртасидаги тарихий алоқаларни мустаҳкамлаш ва цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Форумнинг очилиш маросимида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди “Бутун дунё – ягона оила” концепциясининг мезонлари ҳақида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга, маданий-тарихий ҳамкорлик Евроосиёда тинчлик, барқарорлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Ҳиндистон маданият ва туризм вазири Гажендра Сингҳ Шекҳават умумий маданий меросни асраб-авайлашга ёшлар, ҳунармандлар ва илмий жамоатчиликни кенг жалб этиш зарурлигини маълум қилди.

Форум доирасида цивилизацион ва маданий қадриятлар, санъат ва меъморчилик, тил, адабиёт ва қўлёзмалар, диний-фалсафий анъаналарга бағишланган сессиялар ташкил этилди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўз чиқишида Марказий Осиё ва Ҳиндистон халқлари ўртасидаги кўп асрлик маданий-маънавий алоқаларни мустаҳкамлашда Буюк ипак йўлининг тарихий ўрнига алоҳида тўхталди.

Шунингдек, мамлакатимизда тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш, музейлар фаолиятини ривожлантириш ва номоддий маданий меросни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Шунингдек ўқинг

Учрашувларда маданий меросни рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, тарихий обидалар ва қўлёзмаларни асраб-авайлаш, маданий бойликларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш ҳамда ЮНЕСКО рўйхатига қўшма номинациялар киритиш масалаларига эътибор қаратилди.

Ташриф доирасида Санжар Бобожонов Ҳиндистон маданият вазири ўринбосари Вивек Агарвал билан учрашув ўтказди.

Музокараларда Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг жорий йил 29–30 август кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи давомида маданий-гуманитар соҳада эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Хусусан, икки мамлакат Маданият кунларини ўтказиш, ижодий жамоаларнинг ўзаро гастролларини ташкил этиш, халқаро фестивалларда иштирок этиш ва қўшма музей кўргазмаларини намойиш қилиш бўйича ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.

Маданият ва санъат соҳасидаги олий таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ҳамда қўшма маданий-туристик йўналишларни ривожлантиришга қизиқиш билдирилди.

Ўзбекистон делегацияси Ҳиндистоннинг Миллий мусиқа, рақс ва драма академияси – “Сангит Натак” раҳбарияти билан ҳам учрашди. Академия раиси Сандҳья Пуреча билан мулоқотда икки мамлакатнинг ихтисослашган маданият ва санъат муассасалари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш истиқболлари борасида фикр алмашилди.

Томонлар мусиқа, рақс ва театр санъати йўналишларида ижодий жамоалар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма маҳорат дарслари ва семинарлар ташкил этиш, таълим муассасалари ҳамда ижодий уюшмалар ўртасида шериклик алоқаларини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Мазкур форум ва икки томонлама учрашувлар Ўзбекистоннинг ШҲТ доирасидаги маданий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, Ҳиндистон билан тарихий ва маънавий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда санъат ва маданий мерос соҳасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш