Logo

Россиядан муносабат: Туркия Ўзбекистон учун технология, инвестиция ва логистика соҳасида муҳим аҳамиятга эга

Январ 31, 2026. 10:26 • 2 дақ

47
Россиядан муносабат: Туркия Ўзбекистон учун технология, инвестиция ва логистика соҳасида муҳим аҳамиятга эга

МОСКВА, 31 январь. /“Дунё” АА/. Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти илмий ходими, Жамоатчилик дипломатияси ва жаҳон сиёсати таҳлили маркази директори Александр Воробьёв “Дунё” АА мухбирига Ўзбекистон Президентининг Туркияга расмий ташрифи бўйича фикр билдирди:

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши учун Туркияга ташрифи икки мамлакат муносабатларида жуда муҳим воқеа ҳисобланади. Бу ҳамкорлик икки давлат муносабатларида айниқса, логистика, энергетика ва саноат кооперацияси соҳасини ривожлантиришда катта туртки беради.

Туркия Ўзбекистон учун технологиялар, инвестициялар, логистика хаби сифатида муҳим аҳамиятга эга. Анқара учун Тошкент тез ўсиб бораётган савдо бозори, арзон ишлаб чиқариш майдони ва туркий дунёдаги муҳим сиёсий ҳамкор сифатида аҳамиятлидир.

Бу галги йиғилишнинг аҳамияти шундаки, унда шерикликнинг янги мақсадларини белгилаб олиш зарур. Ўтган йилларда кўплаб ютуқларга эришилгани, савдо-иқтисодий алоқалар анча яқинлашганига қарамай, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сўнгги пайтларда ўсмаяпти. Шу сабабли, унинг ўсишини янада рағбатлантириш учун Анқара ва Тошкент тайёр маҳсулотлар экспорти ва импортидан янада илғор кооперация шаклларига ўтишини кутиш мумкин.

Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши энергетика. Иқтисодиёти ўсиб бораётган Ўзбекистон энергетика қувватларининг ўсишидан манфаатдор. Туркия компаниялари Ўзбекистон энергетикасига сармоя киритиш учун ваколат ва маблағга эга ва бу борадаги ишларни кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Гуманитар ва маданий ҳамкорлик ҳам Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоғаннинг бу галги ташрифи давомидаги мулоқотининг энг муҳим мавзуларидан бири бўлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш