Logo

Покистондан муносабат: Тошкент ва Душанбе ўртасидаги стратегик мулоқот Марказий Осиёда ишонч ва интеграцияни оширмоқда

87
Покистондан муносабат: Тошкент ва Душанбе ўртасидаги стратегик мулоқот Марказий Осиёда ишонч ва интеграцияни оширмоқда

ИСЛОМОБОД, 31 март. /“Дунё” АА/. Покистондаги Жанубий Осиё таҳлили ва халқаро тадқиқотлар маркази директори Саид Холид Амир Жафри “Дунё” АА мухбирига Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг 26-27 март кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи ҳақида фикр билдирди:

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг Президент Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Ўзбекистонга давлат ташрифи Марказий Осиёдаги сиёсий-иқтисодий яқинлашув жараёнларининг мантиқий давоми сифатида баҳоланиши мумкин.

Ушбу ташриф нафақат Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, балки бутун Марказий Осиё минтақасидаги интеграция жараёнларини янги, сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқиш нуқтаи назаридан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида гидроэнергетика ва сув ресурсларини бошқариш масалалари бўйича мулоқотни изчил чуқурлаштириш алоҳида аҳамиятга эга. Шуниси эътиборга лойиқки, бир неча йил олдин маълум зиддиятларни келтириб чиқарган мавзулар бугунги кунда конструктив ва ўзаро манфаатли тарзда ҳал қилинмоқда. Бу минтақада ўзаро ишонч даражаси сезиларли ўсаётганидан далолат беради ва Марказий Осиёнинг барқарор тараққиётини таъминлаш учун зарур бўлган ҳамкорликнинг самарали институционал механизмларини шакллантиришга хизмат қилади.

Покистон учун ушбу ташрифнинг аҳамияти кенгроқ геоиқтисодий контекстда қабул қилди. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликнинг кучайиши Покистон учун шимолий йўналишда янги транзит ва савдо имкониятларини очади. Хусусан, Марказий ва Жанубий Осиёни темир йўл ва автомобиль коммуникациялари, жумладан, Афғонистон орқали ўтадиган транспорт йўлаклари орқали боғлаш ташаббуслари бутун минтақа учун стратегик аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Тошкент ва Душанбе ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бутун Евроосиё маконида логистика занжирларини диверсификация қилиш ва барқарор етказиб бериш йўналишларини шакллантиришга хизмат қилади.

Шунингдек ўқинг

Хавфсизлик масалалари ҳам саммит кун тартибидан ўрин олиши табиий. Афғонистондаги вазият, трансмиллий таҳдидлар, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича позицияларни мувофиқлаштириш Марказий Осиё мамлакатларининг умумий манфаатларига тўлиқ мос келади. Ўзбекистон ва Тожикистоннинг бу борадаги ёндашувларини яқинлаштириш минтақавий хавфсизликнинг замонавий ва самарали архитектурасини шакллантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва яхши қўшничилик муҳитини шакллантиришдаги ўрни алоҳида стратегик аҳамиятга эга. Ўзбекистон етакчисининг ташаббуслари билан сўнгги йилларда минтақа мамлакатлари ўртасида сиёсий мулоқотнинг мунтазам ва институционаллашган механизмлари йўлга қўйилди, чегара ва сув масалалари бўйича ўзаро мақбул ечимлар топилди, савдо-иқтисодий ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди.

Энг муҳими, Ўзбекистоннинг очиқ, прагматик ва конструктив ташқи сиёсати туфайли Марказий Осиёда рақобат эмас, балки ўзаро манфаатли ҳамкорлик муҳити шаклланмоқда. Бу нафақат минтақа мамлакатлари, балки Покистон каби қўшни ва стратегик шериклар учун ҳам барқарорлик ва изчил тараққиётнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.

Ушбу ташриф чоғида эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Тожикистон халқларининг барқарор тараққиёти ва фаровонлигини ошириш учун янги истиқболлар очади, деб ҳисоблашга барча асослар етарли.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш