Россиядан муносабат: Ўзбекистон етакчисининг парламент ва халққа мурожаатида давлатнинг барқарор иқтисодий ўсиш йўналиши тасдиқланди
Декабрь 27, 2025. 14:14 • 2 дақ
• 208
МОСКВА, 27 декабрь. /“Дунё” АА/. Россия Фанлар академиясининг Хитой ва замонавий Осиё институти илмий ходими Александра Перминова “Дунё” АА учун интервьюсида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси ҳақида фикр билдирди:
– Президент Шавкат Мирзиёев парламент ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида сўнгги йилларда мамлакатда эришилган макроиқтисодий натижаларга алоҳида тўхталиб ўтди. Ислоҳотлар даврида республика барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини намойиш этмоқда.
Россия Ўзбекистон иқтисодиётидаги бундай тенденциялардан жуда манфаатдор. Бу Марказий Осиёда минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади ва савдо-инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай шароит яратади.
Саноатни ривожлантиришнинг эълон қилинган устувор йўналиши алоҳида эътиборга лойиқ. Ўзбекистон газ-кимё, металлургия, машинасозлик, электротехника ва кимё саноатида лойиҳаларни амалга ошириш орқали қайта ишлаш тармоқлари улушини мақсадли равишда ошириб бормоқда. Шу маънода, мамлакатларимиз ҳамкорлиги учун қўшимча имкониятлар очилмоқда.
Россия компаниялари энергетика, жумладан, атом энергетикаси, қазиб олиш тармоқлари, саноат ускуналарини етказиб бериш ва маҳаллийлаштириш лойиҳаларида иштирок этмоқда. Икки мамлакатнинг сармоявий ресурслари ва ишлаб чиқариш ваколатларини уйғунлаштириш асосида технологик ҳамкорликни чуқурлаштириш учун асос яратилмоқда.
Бугунги кунда бизнинг стратегик мўлжалларимиз кўп жиҳатдан бир-бирига мос келади. Бу эса нафақат Ўзбекистон ёки Россия, балки бутун минтақа тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси