Германиядан муносабат: Марказий Осиё бугун дунё саҳнасида яхлит ва кучли овозга эга бўлмоқда
Декабрь 23, 2025. 10:58 • 2 дақ
• 94
БЕРЛИН, 23 декабрь. /“Дунё” АА/. Германиянинг Ҳессен федерал ўлкаси давлат канцеляриясининг Европа масалалари ва халқаро ҳамкорлик департаменти собиқ раҳбари Михаэль Борхманн “Дунё” АА учун берган интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи ҳамда “Марказий Осиё + Япония” саммитидаги иштироки ҳақида фикрларини баён қилди:
– Токиода бўлиб ўтган “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг биринчи саммити натижаларини кузатар эканман, уни том маънода ёрқин ва муваффақиятли якунланган ташриф, деб баҳолайман. Япония ҳукумати томонидан ташкил этилган ушбу олий даражадаги учрашув нафақат минтақавий, балки глобал сиёсатда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Мен ушбу жараёнда бир нечта ҳал қилувчи жиҳатларни алоҳида қайд этмоқчиман. Жумладан, Марказий Осиё давлатлари ва Япония ўртасидаги мулоқот 2004 йилдан бери мавжуд бўлса-да, бу галги учрашувнинг илк бор давлат раҳбарлари даражасида ўтказилгани ҳамкорлик мақомининг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини англатади. Бу ҳолат Марказий Осиёнинг дунёдаги энг йирик иқтисодий кучлар учун нақадар жозибадор ва қадрли ҳамкорга айланганини яна бир бор исботлади.
Эътиборимни тортган яна бир жиҳат – бу Марказий Осиёнинг алоҳида акторлардан ягона ва аҳил бир “оила” сифатида шаклланишидир. Бу уйғунлашув жараёни ортида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қатъий иродаси ва фаол саъй-ҳаракатлари турганини алоҳида таъкидлашни истардим. Айнан унинг минтақавий сиёсати туфайли Марказий Осиё бугун дунё саҳнасида яхлит ва кучли овозга эга бўлишга эришди.
Саммит давомида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган конструктив таклифлар диққатимни тортди. Хусусан, саммитларни ҳар икки йилда бир марта мунтазам ўтказиш, узоқ муддатли “Марказий Осиё – Япония” ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш, транспорт, декарбонизация ва молия секторларида амалий лойиҳаларни амалга ошириш ташаббуслари келажакдаги тараққиёт учун муҳим пойдевордир.
Ташрифнинг икки томонлама алоқалар қисми ҳам ниҳоятда самарали бўлди. Президент Мирзиёев ва Япония Императори Наруҳито ўртасидаги самимий суҳбат икки халқнинг дўстлиги нақадар мустаҳкам эканини намойиш этди. Бош вазир Санаэ Такаичи билан эришилган келишувлар, Япониянинг Ўзбекистонга киритадиган салмоқли инвестициялари ва энг муҳими – Ўзбекистон–Япония университетининг ташкил этилиши стратегик шерикликнинг амалий натижасидир.
Шахсан мен учун Токиода Ўзбекистон маданияти кунларининг ташкил этилиши ҳам рамзий маънога эга. Бу сиёсат ва иқтисод фақат рақамларда эмас, балки халқларнинг қалби ва маданияти орқали бирлашишини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу саммит Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи нақадар юксак эканини ва мамлакатнинг танлаган йўли нафақат минтақа, балки бутун дунё учун фойдали эканини яна бир бор тасдиқлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Россиядан муносабат: Япония минтақа маркази Ўзбекистон билан шериклик қилишдан манфаатдор