Украинадаги бизнес-форум доирасида қатор келишувларга эришилди
Декабрь 27, 2025. 13:13 • 2 дақ
• 105ВИННИЦА, 27 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси вакиллари Винница шаҳрида бўлиб ўтган “Trends 2026. Бизнес ва ўсиш технологиялари” бизнес-форумида иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур бизнес-форумда ривожланиш стратегияси, технологияларни жорий этиш, иқтисодий хавфсизлик ва хорижий бозорларга чиқиш масалалари бўйича 100 дан ортиқ бизнес доираларнинг етакчи вакиллари қатнашди.
Тадбир доирасида элчихона томонидан “Ўзбекистон: ҳамкорлик учун янги имкониятлар” мавзусида махсус сессия ўтказилди. Унда Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, маҳаллий компанияларнинг юртимиз орқали Марказий Осиё минтақаси бозорида иштирок этиш истиқболлари ҳақида тўхталиб ўтилди.
Тадбир доирасида айни пайтда Ўзбекистон иқтисодиёти юқори суръатлар билан ривожланиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, хорижий инвестициялар ҳажмини сезиларли даражада ошириш ҳамда чет эл сармоялари иштирокида янги ишлаб чиқариш қувватлари сонининг изчил ва жадал ўсишига эришилаётгани таъкидланди.
Ўз навбатида, мазкур анжуманда иштирок этган Украина бизнес-инвестицион доиралари вакиллари билан икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Қайта тикланувчи энергетика, транспорт-логистика, замонавий ахборот технологиялари ва рақамли хизматлар, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, кимё, автомобиль саноати ҳамда автотранспорт воситалари учун бутлаш қисмларини ишлаб чиқариш бўйича таклиф ва ташаббуслар билдирилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда сўнгги йилларда туризм ва хизмат кўрсатиш соҳалари юқори суратларда ўсиб бораётгани таъкидланди. Ушбу йўналишда меҳмонхона бизнеси, “HoReCa” сегменти ҳамда профессионал хизмат кўрсатувчи компанияларга талаб юқори экани айтилди.
Винница вилоятида Элчихона вакиллари қатор маҳаллий корхоналар -“Промавтоматика Винница” (электр ускуналарини ишлаб чиқариш, автоматлаштириш, қуёш электр станцияларини қуриш) ҳамда “Park Audio II” (профессионал қувват кучайтиргичлари ва акустик тизимлар ишлаб чиқариш) каби ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф буюриб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишди.
Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликка қизиқиш билдирган “Business People Club” уюшмаси аъзолари бўлган 16 та маҳаллий компаниялар раҳбарлари билан ўтказилган учрашув доирасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


