Logo

Ўзбекистон ва Қирғизистон билимдон ёшлари "Заковат" интеллектуал ўйинида беллашдилар

Май 16, 2025. 11:59 • 59 сония

667
Ўзбекистон ва Қирғизистон билимдон ёшлари "Заковат" интеллектуал ўйинида беллашдилар

ЎШ, 16 май. /"Дунё" АА/. Ўш шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон билимдон ёшлари ўртасида "Заковат" интеллектуал ўйини ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Билимлар беллашувида Ўзбекистон Бош консулхонаси вакиллари, Ўш шаҳар Кенеши раиси Болотбек Баетов, "Имзо кейджи" корхонаси раҳбари Суҳбатилла Мираев, "Заковат" клуби президенти Абдурасул Абдуллаев бошчилигидаги мамлакатимиз билимдонлари, Қирғизистоннинг "Билермен ордо" клуби аъзолари ҳамда ватандош талабалар иштирок этди.

Илм-фан соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ўзбек-қирғиз халқларининг тарихий дўстлиги ва яқин қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган икки кунлик интеллектуал ўйинларда Ўзбекистон ва Қирғизистон билимдонларидан ташкил топган терма жамоалар "Заковат" ҳамда "Breyn-ring" ўйинларида ўзаро беллашдилар.

Интеллектуал ўйинлар иштирокчилари мантиқий фикрлаш, жамоавий ишлаш ва масалаларни ҳал қилишда креатив ёндашув кўникмаларини намойиш этдилар.

Юқори иштиёқ ва қизғин муҳокамаларга бой ҳамда дўстона руҳда ўтган ўйинларда икки мамлакат билимдонлари муносиб иштирок этишди.

Жамоалар ўртасида тенг имконият яратиш мақсадида саволлар навбати билан ўзбек ва қирғиз тилларида ўқиб берилди. Мусобақалар якунларига кўра, Ўзбекистон билимдонлари жамоаси ғолибликни қўлга киритди.

Турнир якунида ғолиблар ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Қирғизистонлик билимдонларга "Заковат" клуби томонидан тайёрланган саволлар тўпламидан иборат китоблар жамланмаси топширилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш