Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош ҳудудлари аҳолисини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳа якунланди

Июнь 02, 2024. 15:03 • 2 дақ

187
Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош ҳудудлари аҳолисини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳа якунланди

ТОШКЕНТ, 2 июнь. /"Дунё" АА/. "Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларида ҳамкорлик орқали умумий фаровонликка" лойиҳасининг якунлари сарҳисоб қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларида яшовчи фаоллар, шунингдек, расмийлар ва экспертлар иштирок этди.

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ва БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) томонидан амалга оширилаётган "Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларида ҳамкорлик орқали умумий фаровонлик" лойиҳасини 2022 йил июнь ойида бошланган эди.

Лойиҳа БМТ Бош котибининг Тинчлик қуриш жамғармаси томонидан молиялаштирилиб, у Фарғона водийси орқали ўтувчи чегаранинг ҳар икки томонида яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган. Дастур қишлоқ хўжалиги ва бошқа муҳим ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган бўлиб, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларида аёллар ва ёшлар имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

У Қирғизистоннинг Жалолобод ва Ўш вилоятлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг Наманган ва Андижон вилоятларидаги бир қатор қишлоқларни қамраб олди.

Шунингдек ўқинг

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси лойиҳанинг Ўзбекистондаги миллий ҳамкорлари ҳисобланади. Лойиҳанинг Қирғизистондаги миллий ҳамкорлари сифатида Сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлиги, шунингдек, Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги иштирок этди.

Лойиҳанинг икки мамлакатда эришилган асосий ютуқларидан бири 700 дан ортиқ кишини бирлаштирган 66 та ўз-ўзига ёрдам гуруҳларининг ташкил этилгани бўлди. Ушбу гуруҳлар иштирокчиларининг 90 фоизи аёллардан иборатдир.

Таъкидлаш жоизки, лойиҳани амалга оширишда гендер тенглигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, икки мамлакатда аёллар тадбиркорлиги ва ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган 60 га яқин турли кичик бизнес лойиҳалари қўллаб-қувватланди.

"Лойиҳа ҳаётимизни тубдан ўзгартирди, – дейди Косонсой туманида яшовчи Ҳилола Жўраева. – Янги билим ва жиҳозлар туфайли нафақат ўзим пул ишлаб топдим, балки қишлоғимдаги бошқа қизларни ҳам ишга жойлаштирдим. Биз ўзимизга ёрдам бериш гуруҳимизнинг бошқа аъзолари билан қандай қилиб бизнес режа тузиш, қўшма бюджетдан фойдаланишни ва маҳсулотларимизни сотишни ўргандик".

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш