Logo

Ашхободда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди

Июнь 28, 2025. 12:34 • 2 дақ

102
Ашхободда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди

АШХОБОД, 28 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Равшанбек Алимовнинг Туркманистон таълим вазири Жумамурат Гурбангелдиев билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот давомида икки қардош мамлакат ўртасидаги таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Туркман томони таълим соҳасида эришилган ютуқлар, жумладан, рақамли ва инновацион технологияларни жорий этиш, таълим инфратузилмасини модернизация қилиш ва миллий олийгоҳларнинг халқаро нуфузини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Икки қардош давлат ўртасида таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида олий таълим муассасалари ўртасида алоқаларни кенгайтириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини фаоллаштириш, қўшма таълим дастурларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар ректорлар форумлари ва ёш олимлар конференцияларини ўтказиш, стартап-инкубаторлар ташкил этиш, талабалар ва ёш мутахассислар иштирокида хакатонлар ўтказиш, рақамли таълим платформаларига ўзаро кириш имконини яратиш ташаббусларини қўллаб-қувватладилар.

Мулоқот чоғида муҳим воқеалардан бири сифатида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Туркманистон қишлоқ хўжалиги университети ўртасидаги ёзги ўқув амалиёти доирасида талабалар алмашинуви ташкил этилганлиги қайд этилди.

Шунингдек, учрашувда мактаб ўқувчилари ва талабаларнинг халқаро олимпиадаларда иштирокини рағбатлантириш масалаларига тўхталиб ўтилди. 2025 йил апрель ойида Ашхободда ўтказилган Халқаро математика олимпиадасида ўзбекистонлик ўқувчиларнинг муваффақиятли иштироки мамнуният билан қайд этилди.

Туркман томони Ўзбекистон таълим ва фан муассасалари вакилларини 2025 йил октябрь ойида Ашхободда ўтказиладиган таълим соҳасига бағишланган халқаро кўргазма ва илмий анжуманда иштирок этишга таклиф этди.

Мамлакатимиз, элчиси ўз навбатида Туркманистонда Ўзбекистон университетлари кўргазмасини ташкил этиш ташаббуси илгари сурди.

Бўлиб ўтган учрашув икки қардош мамлакат ўртасидаги азалий дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари бугунги кунда қўшма таълим лойиҳалари орқали янги мазмун билан бойиб бораётганлигини яна бир бор тасдиқлади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш