Владивостокда Ўзбекистон маданияти ва миллий қадриятлари намойиш этилди

Ноябрь 06, 2026. 08:55 • 2 дақ

• 120
Владивостокда Ўзбекистон маданияти ва миллий қадриятлари намойиш этилди
Владивостокда Ўзбекистон маданияти ва миллий қадриятлари намойиш этилди
Владивостокда Ўзбекистон маданияти ва миллий қадриятлари намойиш этилди

ВЛАДИВОСТОК, 6 ноябрь. /“Дунё” АА/. Россияда Халқ бирлиги куни муносабати билан Тинч океани давлат тиббиёт университетида таҳсил олаётган хорижлик, жумладан, ўзбекистонлик талабалар иштирокида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Приморск ўлкасида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, турли миллат диаспоралари аъзолари, маҳаллий аҳоли, фаол ватандошлар ҳамда ўзбекистонлик талабалар қатнашди.

Тадбир доирасида талабалар томонидан Ўзбекистонга бағишланган кўргазма намойиш этилди. Унда мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, сайёҳлик имкониятлари, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар ҳақида маълумот берилди. Айниқса, “Самарқанд — Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” концепцияси доирасидаги ишлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Шунингдек, ўзбекистонлик талабалар ўзбек тилида шеърлар ўқиб, она тилимизнинг тарихи, миллий маданият ва қадриятларни сақлашдаги ўрни ҳақида маърузалар тақдим этди. Иштирокчилар ўзбек тили халқимизнинг маънавий бойлиги, мустақиллиги ва миллий бирлигининг муҳим рамзи эканини таъкидлади.

Тадбирнинг энг қизиқарли лаҳзаларидан бири ўзбек миллий таомлари тарғибига бағишланди. Меҳмонлар учун палов тайёрлаш бўйича маҳорат дарси ташкил этилиб, талабалар ва ҳаваскор ошпазлар ўртасида ош тайёрлаш танлови ўтказилди.

Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти ва миллий қадриятларини хорижда кенг тарғиб этиш, халқлар ўртасида дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш